Қанча пул ишлагани маълум бўлган Жапаров, танқидга учраган Илон Маск ва интернет тезлиги ошган Ўзбекистон — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 6 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Қанча пул ишлагани маълум бўлган Садир Жапаров
2020 йилда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 247 953 сом (тахминан 2900 доллар — таҳр.) ишлаб топган. Мамлакат Солиқ хизмати эълон қилган давлат раҳбарининг даромадлари ва харажатлари декларациясида Жапаров бош вазир сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, у 2020 йилнинг октябрь ойида ҳукуматни бошқарган. Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанидан сўнг, Жапаров Президент вазифасини бажара бошлаган. 2021 йил январь ойида эса у давлат раҳбари этиб сайланган.
Декларацияга кўра, 2020 йилда Жапаров 247 953 сом ишлаб топган. Бундан ташқари, ҳужжатда давлат раҳбарининг умумий майдони 6 гектар бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари борлиги ҳам кўрсатилган. Жапаровнинг шахсий кўчмас мулки ва машинаси йўқ.
Қайд этилишича, Қирғизистон Президентининг яқин қариндошлари 50,7 ва 389 квадрат метрлик иккита уйга эгалик қилади. Шунингдек, «Умут булаги» жамоат фонди ва битта гараж Жапаровнинг яқин қариндошларига тегишли.
Танқидга учраган Илон Маск
Европа космик агентлиги (ЕКА) раҳбари Йозеф Ашбахер Илон Маск устидан шикоят қилди. У миллиардернинг SpaceX компанияси коинотда монополга айланаётганидан норози. ЕКА раҳбарининг фикрича, Илон Маскнинг ўзи «қоидаларни ўрнатмоқда», бу эса Европа компанияларининг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Йозеф Ашбахер Financial Times нашрига берган интервьюсида Европа давлатларининг ҳаракатсизлиги ортидан SpaceX эгаси коинотда ўз қоидаларини ўрнатаётганидан огоҳлантирган.
ЕКА раҳбарининг сўзларига кўра, Европанинг SpaceX’га тегишли Starlink интернет хизмати учун сунъий йўлдош тизимини жадал кенгайтиришга ёрдам беришга тайёрлиги Европа компанияларининг коинотда кенгайишига тўсқинлик қилиши мумкин.
«Европа ҳукуматлари компанияларга адолатли бозорда ‘ўйнаш’ учун тенг имконият беришда жамоавий қизиқиш билдириши керак», — дейди у.
Ашбахернинг сўзларига кўра, Маскнинг Starlink компанияси, аллақачон шунчалик каттаки, регуляторлар ёки рақобатчилар унга етиб ола олмайди.
«Дунёдаги фаол сунъий йўлдошларнинг ярмига бир киши эгалик қилмоқда. Бу шунчаки ажойиб. Де-факто (амалда — таҳр.), у қоидаларни ўрнатмоқда», — дейди у.
Financial Times нашрининг ёзишича, ҳозирда сунъий йўлдошларнинг учирилишини назорат қилувчи халқаро орган йўқ, нарх пасайганлиги сабабли уларнинг сони кўпайган. Орбиталар гавжумлашиб, тўқнашув хавфини ва космик чиқиндилар миқдорини оширмоқда.
Маълумот учун, жорий йил ҳисобига кўра, SpaceX ҳар ой 100 дан ортиқ сунъий йўлдошларини учирган, улардан 2000га яқини ҳозирда Ернинг паст орбитасида бўлиб турибди. Маск бу йил SpaceX Starlink учун 30 миллиард долларгача сарфлаши мумкинлигини айтган.
Интернет тезлиги ошган Ўзбекистон
Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 37 поғонага кўтарилиб, 224 давлат орасида 166-ўринни эгаллаган. Мамлакатда 5 гигабайтлик файл ўртача 6,64 Мегабит/секунд тезликда юкланмоқда.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Россия (66-ўрин), Украина (77-ўрин) ва Беларусга (92-ўрин) тегишли.
Маълум бўлишича, интернет тезлиги бўйича рейтингда охирги ўринни Туркманистон эгаллаган. У сўнгги 224-поғонадан жой олган. Туркманистонда 5 гигабайтлик файлни юклаб олиш учун 22 соат 34 дақиқадан кўпроқ вақт керак бўлади.
Маълумот учун, 2017 йилда Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 189 давлат орасида 178-ўринни эгаллаган. 2018 йилда мамлакат рейтингда бироз юқорига кўтарилиб, 200 мамлакат ичида 184-ўринда қайд этилди.
2019 йилда мамлакатда интернет сифати яна яхшиланди ва бунинг натижасида Ўзбекистон 207 давлат орасида 181-ўринни эгаллади. Ўтган йили мамлакат 221 давлат орасида 200-ўриндан жой олган эди.
Ребрендинг қилинаётган Туркия
Туркиянинг янги экспорт бренди энди «Türkiye» ҳисобланади. Хорижга экспорт қилинадиган барча маҳсулотларда мамлакат номининг айнан шу варианти — «Made in Türkiye» ёзуви бўлиши керак.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг тегишли фармони жорий йилнинг 4 декабрь куни ҳукуматнинг расмий газетаси – «Resmi Gazete»да чоп этилган.
«Фармон матнида келтирилишича, мамлакат брендини ўзгартириш тўғрисидаги қарор Туркиянинг бой маданияти ва меросини акс эттирувчи навбатдаги кенг қамровли қадам бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчини сифатли маҳсулотларни ишончли етказиб берувчи сифатидаги виждонини тасдиқлашга қаратилган», дейилади хабарда.
Ҳужжатга кўра, «Türkiye» атамаси турк халқининг маданияти ва қадриятларини тўлиқ акс эттиради. Шу муносабат билан мамлакат брендини қайта номлашга қарор қилинган. Эндиликда «Made in Turkey» бренди ўрнига экспорт маҳсулотлари ягона «Made in Türkiye» бренди остида етказиб берилади.
Шу билан бирга, мамлакатнинг барча расмий ҳужжатларида, жумладан, хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан ҳар қандай ёзишмаларда «Turkey», «Turkei», «Turquie» ва ҳоказо сўзлар ўрнига ягона «Türkiye» атамаси қўлланилади.
Бир-бирини тўлдириб турадиган Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиёти
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрди. 6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этди.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон — табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража — 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда.
Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатлар ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Янги ёрдамчили бўладиган ҳокимлар
Ўзбекистонда расман маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси лавозими жорий этилди.
Президент фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади.
Мазкур лавозимга:
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланади;
- номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;
- тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин.
Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари;
- туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари.
Агентлик директори Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади. Фармонга кўра, «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони таъсис этилди.
Ушбу кўкрак нишони билан ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган ҳамда улар фаолиятини самарали ташкил этишга жалб қилинган шахслар тақдирланади. Фармон билан шунингдек, Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари
Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган.
Статистика бўйича мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 миллиард, 2019 йилда 1,858 триллион, 2020 йилда 500,1 миллиард, 2021 йилнинг 9 ойида 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан мансабдор шаҳсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда.
Яъни «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш», «Ҳокимият ҳаракатсизлиги», «Мансаб сохтакорлиги» ва «Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги» жиноятлар агар «ғаразгўйлик» ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






