
Қозоғистонда Назарбоевнинг қизи ва куёвига тегишли банк фаолияти тикланди
Олмаота шаҳри ва вилояти, Талдиқўрғон ва Жанаўзен шаҳридаги филиаллар бундан мустасно.

Halyk Bank («Халқ банки») Олмаота, Олмаота вилояти, Талдиқўрғон ва Жанаўзен шаҳарларидан ташқари Қозоғистоннинг бутун ҳудудидаги филиалларини тўлақонли ишга туширди. Бу ҳақда «Интерфакс» банк матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Halyk Bank Қозоғистон бўйлаб, ҳам йирик шаҳарларда, ҳам мамлакатнинг чекка ҳудудларида ўзининг 297 та филиалини тўлиқ ҳуқуқли фаолиятини йўлга қўйган.
«Олмаота шаҳри ва вилояти, Талдиқўрғон ва Жанаўзен шаҳридаги филиаллар бундан мустасно», дейилади хабарда.
Иш тартиби банк жойлашган ҳудудга қараб 9:00 дан 17:00 ёки 18:00 гача белгиланади.
Маълумот учун, Қозоғистондаги энг йирик банк — «Халқ банки» (Halyk Bank)ни собиқ Президент Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Кулибоева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибоев назорат қилади.
Аввалроқ тартибчизликлар сабаб Қозоғистондаги барча молиявий ташкилотлар — фонд биржаси, банклар, ва бошқа молия институтларининг фаолияти тўхтатилганди.






