Жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархи 10 йил ичидаги максимал даражадан ошиб кетди
Глобал озиқ-овқат нархлари 2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан 31,3 фоизга ошди

Жаҳон бўйлаб октябрь ойида глобал озиқ-овқат нархлари 2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан 31,3 фоизга, сентябрь ойига нисбатан эса 3 фоизга ошди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) хабар берди.
ФАО озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 133,2 пунктни ташкил этди ва 2011 йил июль ойидан юқори бўлган янги чўққини белгилади. Индекснинг ўсиши кетма-кет учинчи ой давом этмоқда. Ташкилот сентябрь ойидаги ўсишни биринчи навбатда ўсимлик мойлари ва дон маҳсулотларининг жаҳон нархлари ўсиши давом этаётгани билан изоҳлаган.
Октябрь ойида дон маҳсулотлари нархи сентябрь ойига нисбатан 3,2 фоизга, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 22,4 фоизга ошган. Шундай қилиб, кема-кет тўртинчи ой буғдой нархининг ўсиши давом этмоқда: маҳсулот сентябрга нисбатан 5 фоизга, йиллик ҳисобда эса 38,3 фоизга қимматлашди.
Таъкидланишича, нархларнинг ошишига асосий экспорт қилувчи давлатлар — Канада, Россия ва АҚШда кутилганидан паст ҳосил бўлиши туфайли жаҳон бозорларида экспорт таклифининг чекланганли сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, арпа, маккажўхори ва гуруч нархи ҳам кўтарилган.
ФАО прогнозларига кўра, 2021–2022 қишлоқ хўжалиги йилида дунёда ғалла истеъмоли ҳажми 2812 миллион тоннани ташкил этади. Бу 2020–2021 қишлоқ хўжалиги йилига нисбатан 1,7 фоизга кўпдир.
Аввалроқ Қозоғистон Россия орқали Украинага кўмир етказиб беришда айрим чекловлар борлигини тан олгани ҳақида хабар берилди.






