Ўзбекистоннинг давлат қарзи қанчага етгани очиқланди
Давлат қарзи қолдиғи 2021 йилнинг III чорагида 1,1 миллиард долларга ошди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 25,3 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, давлат қарзи қолдиғи 2021 йилнинг III чорагида 1,1 миллиард долларга (йил бошидан 2,1 миллиард долларга) ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 миллиард долларни ташкил этган.
Ҳисобот даврида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати барқарорлашиш тенденцияси сақланиб қолиб, йил бошидаги 38,9 фоиздан (1 июль ҳолатига — 38,5 фоиз) 1 октябрь ҳолатига 38,4 фоизгача пасайган.
Маълумотларга кўра, июль-сентябрь ойларида давлат қарзи қолдиғининг 1,1 миллиард долларга ошиши, асосан, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида миқдоридаги қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 356,4 млн. доллар миқдоридаги давлат қарзининг сўндирилиши билан изоҳланади.
Натижада, 2021 йилнинг III чорагида:
- Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 897,6 миллион долларга ошди;
- давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 42,2 миллион долларга ошди;
- давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи 102,2 миллион долларга ошди.
Ўзбекистон номидан 1 триллион 196,4 миллиард сўмлик давлат қимматли қоғозларини (ДҚҚ) эмиссия қилиниши ва 407,2 миллиард сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 789,2 миллиард сўмга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунига 33,5 миллиард доллар (ЯИМга нисбатан 45,2 фоиз)га прогноз қилинганди.






