UzAuto Motors автомобиль етказиб беришни яна 2 ойга кечиктиради
Кечиктиришга яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари сабаб бўлган

UzAuto Motors ноябрь-декабрь ойларида автомобили етказиб берилишини кутаётган харидорларга мурожаат қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, UzAuto Motors’га боғлиқ бўлмаган ҳолатлар: яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари сабабли компания 3.1.1 бандини қўллаш ҳамда 3.1 бандда кўрсатилган автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбур.
«UzAuto Motors ушбу экстремал чора истеъмолчилар томонидан тўғри тушунилиб қабул қилинишига умид қилмоқда», дейилади хабарда.
Компания автомобилни етказиб бериш бўйича илгари тузилган шартноманинг 1.2 бандига мос равишда шартномага 3.1.1 бандни киритишга мажбурлигини маълум қилган.
Бу UzAuto Motors билан содир бўлаётган биринчи ҳолат эмас. Компания Chevrolet Lacetti ва Chevrolet Labo автомобилини 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида кутаётган харидорларга мурожаат қилиб, етказиб бериш муддати 2 ойга узайтирилишини маълум қилганди.
Шунингдек, UzAuto Motors компанияси 20 ноябрь санасида Chevrolet Captiva-5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берганди. Компания Chevrolet Captiva-5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтариши ва компенсацияни амалга оширишини маълум қилди.
Аввалроқ UzAuto Motors компанияси 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.






