2022 йил тараққиёт стратегияси доирасида қарийб 12 млрд долларлик чора-тадбирлар амалга оширилади
«Инсон қадри учун 100 та мақсад» белгилаб олинган.

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган, кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича «Инсон қадри учун 100 та мақсад» белгилаб олинган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
«Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт.
Бунинг учун республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла даражасидаги барча раҳбарлар бор куч ва ресурсларини тўлиқ сафарбар қилишлари зарур», — дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бундан буён фаолият мутлақо янгича, яъни, «инсон–жамият–давлат» тамойили асосида ташкил этилади.
Давлат раҳбари стратегиянинг инсон қадрини юксалтириш ва халқпарвар давлат барпо этиш йўналишидаги вазифаларни кўрсатиб ўтган. Жумладан, булар:
- маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;
- халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш;
- «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш;
- давлат органларини «маҳаллабай» ишлаш тизимига ўтказиш.
Шунингдек, электрон давлат хизматларининг улушини амалдаги 54 фоиздан 90 фоизга етказиш ҳамда жамоатчилик фикрини мунтазам ва илмий асосланган ҳолда тизимли ўрганиш кўзда тутилган. Бунинг учун, «Ижтимоий фикр» маркази фаолияти такомиллаштирилиб, алоҳида Социология институти ташкил этилади.






