Ўзбекистонда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро марказ ташкил этилди
Марказ қишлоқ хўжалиги соҳасини институционал таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказ ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни тадқиқ қилиш, стратегик режалаштириш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, қарор билан Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Қарорга кўра, 2022–2023 йилларда боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонлари ташкил қилинади.
Шунингдек, марказ давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган ва якунланган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар ҳамда эришилган натижаларга оид маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб боради.
Аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ЕИ ва БМТ билан 4 миллион евролик лойиҳа амалга ошириши хабар қилинганди. Шунингдек, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 19,5 миллион евро ажратгани ҳақида хабар берилди.





