Ўзбекистонда 2022 йил иккита янги автомобиль моделини ишлаб чиқариш бошланади
Янги моделларнинг русуми бўйича аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистонда йиллик қуввати 190 минг дона бўлган 2 та янги енгил автомобиль моделини ишлаб чиқариш бошланади. Янги моделларнинг русуми бўйича аниқлик киритилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида сўз боради.
Ўзбекистон автомобиль саноатида кооперацияни янада ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга, экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалаштирилган.
Соҳадаги мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларни ошириш мақсадида:
- янги бирлашган глобал платформасига (GEM) ўтиш орқали йиллик қуввати 190 минг дона бўлган 2 та янги енгил автомобиль моделини ишлаб чиқаришни бошлаш;
- UzAuto Motors Хоразм вилояти филиалининг автомобиль ишлаб чиқариш қувватини 70 мингдан 100 мингтага ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, экспорт ҳажмини 2026 йилга қадар 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилади. Бунда:
- ишлаб чиқариладиган автомобилларни хорижий давлатларда SKD технологияси асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
- «Нексия» русумли автомобилларни Қозоғистонда тўлиқ циклда (CKD) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали йилига 30 минг донагача машинокомплектлар экспортини амалга ошириш назарда тутилган.
Қолаверса, енгил автомобиллар маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Бунда, Андижон вилоятида ташкил қилинган «Машинасозлик ва электротехника махсус саноат ҳаби» махсус саноат зонаси ва бошқа ҳудудларда автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 151,3 миллион долларлик 8 та янги лойиҳаларни 2022-2024 йилларда ишга туширишни назарда тутилган.
Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп автомобиль экспорт қилаётган давлатлар ҳақида маълумот берилганди.





