Ўзбекистонда кейинги 5 йилда қанча тупроқ йўллар таъмирланиши маълум бўлди
Мамлакатда умумий узунлиги 57,8 минг километр автомобиль йўллари қурилади.
Фото: «pobeda26.ru»
Ўзбекистонда кейинги 5 йилда 30 минг километр тупроқ йўллар таъмирланади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, 2022 йилнинг июнь ойига қадар кейинги 5 йилда автомобиль йўлларини ривожлантириш Дастури ишлаб чиқилади. Бунда:
умумий узунлиги 57,8 минг километр автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш;
30 минг километрдан зиёд тупроқ йўлларни таъмирлаб, қаттиқ ва шағал қопламали йўлларга босқичма-босқич ўтказиш;
тупроқ йўлларни қаттиқ қопламали йўлларга ўтказиш бўйича намунавий лойиҳа-смета ҳужжатларининг андозасини ишлаб чиқиш;
республикадаги мавжуд 1512 та таъмирталаб кўприклар ва бошқа сунъий иншоотларини босқичма-босқич қайта қуриш ва таъмирлаш;
цементобетон қопламали йўлларни ривожлантириш;
Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги корхоналар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, хусусан Нукус – Қўнғирот – Бейнеу йўналишидаги автомобиль йўлини;
янги транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, хусусан «Учқудуқ – Қизилорда» йўналиши бўйлаб автомобиль йўлагини барпо қилиш;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида истиқболли пуллик автомобиль йўлларини ташкил этиш ҳамда техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш тадбирлари назарда тутилади.
Аввалроқ Тошкентдан Урганчга қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилиши хабар қилинганди.