
Россия компаниялари ёппасига Хитой банкларида ҳисоб рақам очишни бошлади
Яқин орада компанияларнинг юандаги операциялари ортиши кутилмоқда.

Хитой давлат банкининг Москвадаги филиали янги ҳисоб рақамларини очмоқчи бўлган россиялик компанияларнинг сўровлари кўпайганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги бир неча кун ичида 200 дан 300 тагача Россия компаниялари Хитой давлат банкига янги ҳисоб рақамларини очиш истагини билдирган. Ушбу компанияларнинг аксарияти Хитой билан иш олиб боради, шунинг учун уларнинг юандаги операциялари тез орада ошади.
Қайд этилишича, Москвада Хитойнинг бир нечта давлат банклари, жумладан, Industrial & Commercial Bank of China, Agricultural Bank of China, Bank of China ва China Construction Bank фаолият олиб боради.
«Бу жуда оддий мантиқ. Агар сиз АҚШ доллари ёки евродан фойдалана олмасангиз ҳамда АҚШ ва Европа сизга кўп нарсаларни сотишни тўхтатса, Хитойга мурожаат қилишдан бошқа иложингиз йўқ. Бу тенденция муқаррардир», дея ўз манбасидан иқтибос келтиради Reuters.
Унинг сўзларини Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар билан шуғулланувчи савдо ташкилоти раҳбари Шэнь Мухуэй ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, Хитойнинг кичик экспортчилари рубль қадрсизланишидан азият чекмоқда ва эҳтимолий йўқотишларнинг олдини олиш учун етказиб беришни тўхтатмоқда.
Аввалроқ Миллиардер Фарҳод Мошири Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги директорлар кенгашидан кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Европа Иттифоқи Россиянинг еттита банкини SWIFT тизимидан узиб қўйгани ҳақида хабар берилди.





