
Жаҳон бозорлари Запорожье АЭСидаги ёнғин ҳақидаги хабардан сўнг тушиб кетди
Brent ва WTI маркали нефть нархлари қимматлашди.

Жаҳон бозорлари 4 март куни Украинадан келаётган хабарлар фонида тушиб кетди. Бу ҳақда The New York Times ёзмоқда.
Таъкидланишича, Европадаги энг йирик Запорожье атом электр станциясидаги ёнғин ҳақидаги хабар инвесторларни хавотирга солиб, уларни ҳимоя активларига пул ўтказишга ундаган.
Маълумотларга кўра, 17 мамлакат компанияларини ўз ичига олган Европа Stoxx 600 индекси 4 март куни бир кун олдинги ёпилиш билан солиштирганда 2,53 фоизга камайди. Британиянинг FTSE 100 индекси 2,88 фоиз, Франциянинг CАC 40 индекси 3,07 фоиз ва Германияниг DAX индекси 2,88 фоиз йўқотди.
Шунингдек, Япониянинг Nikkei 225 индекси 2,23 фоизга, Topix индекси 1,96 фоизга, Хитойнинг CSI 300 индекси 1,21 фоизга, Шанхай биржаси 0,96 фоизга, Ҳонконгнинг Hang Seng индекси 2,5 фоизга тушиб кетди.
Бундан ташқари, АҚШ қимматли қоғозлари фючерслари ҳам эрта тонгда тахминан 0,8 фоизга арзонлашди. Бироқ Украина ёнғин радиациявий хавф туғдирмаслигини айтганидан кейин йўқотишларнинг бир қисми қопланди.
Бошқа томондан, нефть нархи кўтарилди. 4 март куни Brent бир баррели учун 114 доллардан ошиб, 3,4 фоизга қимматлашди. WTI эса 4,8 фоизга ошиб, 2008 йилдан бери рекорд даражадаги 112,84 долларни ташкил этди.
Қайд этиш керакки, 4 мартга ўтар кечаси Запорожье атом электр станцияси яқинидаги ўқув биносида ёнғин содир бўлди. АЭС вакиллари радиация фон даражаси ўзгармаганини, радиациявий хавфсизлик таъминланганини таъкидлади. Эрталаб ёнғин бартараф этилди.
Аввалроқ Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик фонида рубль курси ва Москва биржаси индекси тушиб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, S&P Россия ва Украинанинг кредит рейтингларини пасайтиргани ҳақида хабар берилди.





