Чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонларига ЯИДХП орқали ариза топшириш мумкин бўлди
Портал орқали ариза топширишда 10 фоизлик чегирма мавжуд.
Ўзбекистонда чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонларига онлайн ариза ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади. Бу ҳақда ягона портал матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг март, апрель, май ва июнь ойларида бўлиб ўтадиган чет тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари учун рўйхатга олиш жараёнлари бошланган.
Бунда талабгорлар my.gov.uz орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Қўлга киритиладиган миллий сертификат эса ўқишга топшириш жараёнида абитуриентларга қўшимча имтиёз бериши мумкин.
Таъкидланишича, хизматдан my.gov.uz орқали фойдаланилганда 10 фоиз чегирма мавжуд.
Аввалроқ айрим фаолият турлари махсус электрон тизим орқали лицензияланиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда расмий ҳужжатларга апостиль қўйишни электрон амалга ошириш мумкин бўлиши ҳақида хабар берилди.