KFC Россиядаги 70 та ресторанини ёпади
Yum! Brands Россияда олинган даромадларни гуманитар мақсадларга йўналтиради.

KFC ва Pizza Hut’га эгалик қилувчи Американинг Yum! Brands компанияси Россиядаги ресторанлари фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
«Yum! Brands Россиядаги KFC’га қарашли ресторанларни тўхтатиб қўяди ва ўзининг асосий франчайзи билан ҳамкорликда Россиядаги барча Pizza Hut ресторани фаолиятини тўхтатиш бўйича келишувни якунлайди», дейилади компания хабарида.
Маълумотларга кўра, Россияда 1100 дан ортиқ KFC ресторанлари очилган бўлиб, улардан фақат 70 таси компанияга бевосита тегишли.
Шунингдек, Yum! Brands Россиядаги инвестициялар ва ресторан бизнесларини тўхтатди ҳамда Россия бозоридаги операциялардан олинган барча даромадларни «гуманитар мақсадларга» йўналтириш ниятида.
«Дунёдаги кўпчилик қатори биз ҳам Украинада рўй бераётган фожиали воқеалардан ҳайратдамиз ва қайғудамиз», дейилади компания хабарида.
Компаниянинг таъкидлашича, гуманитар мақсадлар Қизил Хочга 1 миллион доллар хайрия қилишдан иборат. Шунингдек, Yum! Disaster Relief Fund жамғармаси украиналик франчайзинг ходимларини қўллаб-қувватлайди, Украинада ёрдам кўрсатадиган хайрия ташкилотлар — ЮНИСЕФ, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Халқаро қутқарув қўмитасига хайр-эҳсонлар юборади.
Аввалроқ Volkswagen Россияда автомобиль ишлаб чиқариш ва мамлакатга экспорт қилишни тўхтатиши хабар қилинганди. Шунингдек, Apple Россияда маҳсулот сотишни тўхтатгани ҳақида хабар берилди.





