
Ўзбекистон бозорларидаги нархлар: нима арзонлашиб, нималар қимматлашди?
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги нархлар бўйича таҳлил эълон қилди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан 1–7 март кунлари Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилиниб борилди. Вазирлик асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот берди.
Арзонлашган маҳсулотлар
Ушбу давр мобайнида бозорда киви 1500 сўмга, узум 1000 сўмга, мош 750 сўмга, лавлаги ва турп 500 сўмга ҳамда гуруч (аланга) 250 сўмга арзонлашган.
Қимматлашган маҳсулотлар
Бозорларда яшил булғори қалампири нархи 9000 сўмга, қизил булғор қалампири 6000 сўмга, нўхат 4000 сўмга, бодринг ва гуруч (лазер) 2000 сўмга, помидор 500 сўмга, карам 450 сўмга ҳамда картошка (маҳаллий) 150 сўмга ошган.
Бозорларга энг кўп келтирилган маҳсулотлар
Тезкор маълумотларга асосан, Қўйлиқ бозорига 1–7 март кунлари ҳудудлардан жами 5,4 минг тонна маҳсулот, хусусан, 2,9 минг тонна картошка, 1,7 минг тонна пиёз, 219 тонна карам ва 547 тонна сабзи келтирилган.
Шундан, Тошкент вилоятидан 74 тонна картошка, 593 тонна пиёз, 219 тонна карам, 203 тонна сабзи, Самарқанд вилоятидан 1 036 тонна пиёз, Жиззах вилоятидан 98 тонна пиёз, Қашқадарё вилоятидан 131 тонна, Сурхондарё вилоятидан 121 тонна ва Сирдарё вилоятидан 92 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.
Шунингдек, Қўйлиқ бозорига Қозоғистондан 218 тонна, Қирғизистондан 69 тонна, Афғонистондан 181 тонна, Покистондан 2 203 тонна ва Эрондан 160 тонна картошка келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1–7 март кунлари жами 111,1 тонна, шу жумладан, 79,3 тонна мол гўшти ва 31,8 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида цемент нархи кўтарилгани хабар қилинганди. Шунингдек, февраль ойида жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари рекорд даражага етгани ҳақида хабар берилди.





