
Меҳнат кодексида ўзгаришлар: якшанба куни таътил учун ҳисобга олинмайди
Эндиликда ҳар йилги меҳнат таътили ва ундан келиб чиқадиган компенсациялар ҳисоб-китобида якшанба кунлари инобатга олинмайди. Шунингдек, таълим олаётган ходимлар учун ўқув таътиллари муддати аниқ белгиланди.

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги жами 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги белгиланди. Амалда бу иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан бошлаб бир йил давомида узлуксиз ёки жами 3 ойдан ошмаслиги керак эди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча тизимларида ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги 12 ой учун ходимга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар суммасининг 1/12 қисми миқдорида белгиланади.
Эндиликда якшанба кунлари ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда инобатга олинмайди. Шу билан бирга, ишдан бўшаганда меҳнат таътилини компенсацияга алмаштириш чоғида ҳам якшанба пулли компенсация тўлашда ҳисобга олинмайди.
Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда лаборатория-имтиҳон сессиясида иштирок этиш даври учун ўқув таътиллари берилади.
Бу биринчи ва иккинчи курсларда кечки таълимда ўқиётганлар учун ОТМда камида 20 кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида эса 10 кун ҳамда олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим ташкилотларида сиртқи таълимда ўқиётганлар учун камида 30 кунни ташкил этади.
Учинчи ва ундан кейинги курсларда таълим олувчилар учун ўқув таътиллари ОТМда кечки таълим шаклида камида 30 кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида 20 кун, шунингдек, олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим ташкилотларида сиртқи таълимда эса ҳар йили камида 40 кун этиб белгиланади.
Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлганларга ўриндошлик асосида ишлашга йўл қўйилмайди. Тақиқ ўриндошнинг асосий иши ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлса бундай ишларда ишлашга (соғлиқни сақлаш тизимидан ташқари) нисбатан қўлланилади.






