Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси кетма-кет иккинчи ой ўсди
Сўровнома натижаларига кўра, 31 фоиз тадбиркор бизнеси сўнгги уч ойда яхшиланганини, 39 фоиз эса маҳсулот ва хизматларига талаб ортганини қайд этган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлари асосида 2025 йил март ойидаги бизнес муҳитини таҳлил қилиш натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатлари ва уларнинг тахминларини тавсифловчи бизнес муҳити кўрсаткичи шакллантирилди.
Бизнес муҳити индекси
Март ойида бизнес муҳити индекси ўтган ойга нисбатан 8 бандга ўсиб, 61 бандни (-100 дан +100 гача) ташкил этди, бу Ўзбекистонда бизнес муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолайди.
Жорий бизнес ҳолати индекси ўтган ойга нисбатан 6 бандга яхшиланиб, 46 бандга етди. Бизнесни оптимистик баҳолаш ҳам анча юқори даражада қолмоқда; бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 9 бандга ўсиб, 77 бандни ташкил этди.
Сўровнома натижаларига кўра, 31 фоиз тадбиркор бизнеси сўнгги уч ойда яхшиланганини, 39 фоиз эса маҳсулот ва хизматларига талаб ортганини қайд этган. Бундан ташқари, ҳар бешинчи корхонада ходимлари сони кўпайган.
Тадбиркорларнинг иқтисодиёт барқарорлигига ишончи тобора ортиб бормоқда. Респондентларнинг 76 фоиз келгусида бизнеси ҳолатини янада яхшиланишини, 69 фоиз ишчилар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда, 8 фоизи эса ўз маҳсулотлари нархининг пасайишини тахмин қилмоқда.
Соҳалар таҳлили, айниқса, қишлоқ хўжалигида ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда, бунда бизнес муҳити индекси 24 бандга яхшиланиб, 69 бандгача кўтарилди. Бунга бир қанча муҳим омиллар, жумладан, сўнгги уч ойда 7 фоизга ўсган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортиши ва фермерларнинг оптимистик кайфиятининг 4 фоизга яхшиланиши сабаб бўлди.
Қурилиш соҳасида бизнес муҳити индекси 3 бандга яхшиланиб, 64 бандни қайд этди. Жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаётган тадбиркорлар сонининг 9%га ошгани, ишбилармонлик шароитининг яхшиланиши кутилмаларининг 4 фоизга ошгани мазкур соҳага ишонч ортганидан далолат беради.
Хизматлар соҳасида ҳам бизнес муҳитининг яхшилангани қайд этилди, бу кўрсаткич 6 бандга яхшиланиб, 58 бандга етган бўлса, бу сўнгги уч ойда хизматларга талабнинг 18 фоизга ошиши, шунингдек, ходимлар сонининг 7 фоизга ўсиши билан боғлиқ.
Саноатда бизнес муҳити ўтган ойга нисбатан 9 бандга пасайиб, 56 бандни ташкил этди, бироқ бу кўрсаткич ижобий ҳолатда қолмоқда, бу эса тармоқ барқарорлигини кўрсатади.
Бизнеснинг долзарб муаммолари
Сўров иқтисодиётнинг турли тармоқларида молиялаштириш имкониятларидаги ўзгаришларни кўрсатади. Қишлоқ хўжалигида тўсиқлар 5 фоизга, қурилишда 2 фоизга камайди. Шу билан бирга, саноатда корхоналарнинг 13 фоизи ҳали ҳам молиялаштиришда қийинчиликларга дуч келаётган бўлса, хизматлар соҳасида бу кўрсаткич ой давомида 10 фоизга ошган.
Электр таъминоти билан боғлиқ вазият барқарор ва респондентларнинг 5 фоизини ташвишга солмоқда. Қишлоқ хўжалигида электр таъминотидаги тўсиқлар 4 фоизга, қурилишда эса 2 фоизга камайган. Шу билан бирга, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида электр таъминотидан фойдаланишдаги қийинчиликлар мос равишда 1 фоиз ва 3 фоизга ошди.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 9 фоизи бизнес юритишда бошқа тўсиқлар мавжудлигини, жумладан бюрократия, рухсатномалар ва лицензияларни олишда кечикишлар, юқори фоиз ставкалари, ноқонуний бузишлар, ҳалол рақобат ва монополия билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини қайд этган.
Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайди.





