
115 та корхонадаги давлат акция пакетлари оммавий савдоларга чиқарилади
Шунингдек, 2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинади.

«2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида» ги президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, 2025 йилда хусусийлаштиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
- давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш;
- дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма кон ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқариш.
Шунингдек, 2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинади.
Майдони 10 минг метр квадратгача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга 5 йил муддатга тўғридан-тўғри текин фойдаланишга берилади ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда ушбу тадбиркорларга баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотилади.
Бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўллангандан кейин ҳам 1 йилдан ортиқ муддатда сотилмаган ва харидорлар учун жозибадор бўлмаган кўчмас мулк объектлари бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритилади.
Бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида:
- ижара шартномаси тузилган кундан ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан мазкур шартнома тузилган санадаги Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
- 6 ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда бошланғич нарх пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукцион унда 1 иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланади.
2025 йил 1 июлдан Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаларига «Давлат мулки» ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулк объектларини сотиш учун тўғридан-тўғри электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
Тадбиркорларни (жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарни) тугатиш тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган санадан уларнинг молия-хўжалик фаолияти тўхтатилади ҳамда ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқ ва йиғимлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш, дивидендлар ҳисоблаш тақиқланади.
2025 йил 1 октябрдан эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки объекти сифатида давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатлар тегишли судга Давлат активлари агентлиги томонидан киритилади.






