2025 йил биринчи ярмида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 5,1 фоизгача пасайди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 6 ой ичида ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 5,1 фоизга тушганини маълум қилди. Июнь якунларига кўра, Ўзбекистонда 781,6 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро қайд этилди. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 20,3 млн кишини ташкил этди. Шундан 14,6 млн киши банд аҳоли ҳисобланади.

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси биринчи ярим йилликда сезиларли даражада пасайди, деб хабар берди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.
2025 йил январь—июнь ойларида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 20,3 млн кишини ташкил этди. Шундан 15,4 млн иқтисодий фаол аҳоли, уларнинг ичида 14,6 млн киши банд аҳоли ҳисобланади.
Июнь ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда 781,6 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро қайд этилди. Олти ой ичида ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 5,1 фоизга тушди (ўтган йили — 5,8 фоиз, икки йил аввал — 8,1 фоиз).
8 млн дан зиёд киши (банд аҳолининг 55 фоиз) расмий тарзда ишга жойлашган, 4,8 млн киши (33 фоиз) норасмий секторда меҳнат қилади. Яна 1,8 млн ўзбекистонлик (12 фоиз) хорижда ишлайди. Вазирлик қайд этишича, расмий бандлар сони 19 фоизга кўпайган, норасмий бандлик эса 13,6 фоизга қисқарган.
Иқтисодий нофаол аҳоли орасида 2,2 млн киши (умумий соннинг 44 фоиз) декрет таътилида. 2 млн дан зиёд ўзбекистонлик олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, 0,8 млн киши ёки 15 фоиз ишлашни хоҳламайди ёки дарҳол ишга жойлашиш имкониятига эга эмас.
Сўнгги етти йилда норасмий бандлик улуши 60 фоиздан (7,9 млн киши) 38 фоизга (5,4 млн киши) тушди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида яширин сектор улуши 60 фоизга, қурилиш соҳасида эса 41 фоизга етди.
Президентнинг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Иқтисодий тадқиқотлар ваислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов маълум қилишича, 18 фоиз ҳолатларда тадбиркорлар иш ҳақини «конверт» усулида тўлашда давом этмоқда.
Тадбиркорлар томонидан тилга олинган яширин иқтисодиётнинг мавжудлигининг асосий сабаблари орасида харажатларнинг пастлиги (сўровда қатнашганларнинг 49 фоизи буни қайд этган), ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартибларининг осонлиги (36 фоиз), мавсумий ишчиларни жалб қилиш имконияти (33 фоиз), солиқ мажбуриятларининг йўқлиги (13 фоиз) кабилар бор.



