Ўзбекистонда аҳоли сотиб олганидан кўра кўпроқ валюта сотмоқда
2025 йилнинг 9 ойида аҳоли банкларга сотиб олганидан 6,7 млрд доллар кўпроқ валюта сотди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 бараварга юқори кўрсаткич.
2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклифнинг бирдек ўсиши кузатилган. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
Ҳисобот даврида хорижий валютага бўлган талаб 42,7 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,5 фоиз кўп. Валюта таклифи эса (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 34,4 млрд долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 24 фоизга юқори.
Валюта бозоридаги таклифнинг яна бир манбаи Марказий банк томонидан сотиб олинган монетар олтин доирасидаги стерилизация операциялари (халқаро захираларнинг нейтраллик тамойили асосида) орқали валюта маблағларининг сотилиши ҳисобига таъминланган. «Бунда ушбу операциялар алмашув курси шаклланишининг фундаментал омилларига таъсир кўрсатмаган ҳолда бозор механизмлари асосида амалга оширилди», дейилади Марказий банк ҳисоботида.
Юридик шахсларнинг валюта операциялари
Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, улар томонидан валюта таклифи ҳажми 37 фоизга ошган. Валюта таклифининг асосий манбаларидан бири экспорт тушумларининг ҳажми ушбу даврда 18 фоизга ошиб, 13 млрд долларга етгани билан боғлиқ. Ушбу экспорт тушумларнинг 7,1 млрд доллари ёки 55 фоизи ички валюта бозорида сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (5,8 млрд доллар) 22 фоизга кўп).
Шунингдек, ушбу даврда ички валюта бозорига 6,3 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (3,9 млрд доллар) 61 фоизга кўп). Импортни молиялаштиришда ички бозордан сотиб олинган валюта улуши бироз камайиб, ўз маблағлари улушида бироз ошиш кузатилган.

Январ-сентябр ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички бозорда конвертация қилинган валютанинг улуши 64,7 фоизни (2024 йилда — 65,5 фоиз), хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш улуши эса 24 фоизни (2024 йилда — 23,1 фоиз) ташкил этган.
Жисмоний шахсларнинг банклар билан операциялари
Жисмоний шахслар банкларга 15,2 миллиард доллар сотди — бу ўтган йилга (11,8 миллиард) нисбатан 1,3 баравар кўп. Аҳоли томонидан валюта сотиб олиш 23 фоизга ошиб, 8,5 миллиард долларга етди (6,9 миллиард доллар эди).
Аҳоли операцияларининг соф ижобий сальдоси 6,7 миллиард долларни ташкил этди, бу бир йил олдингига нисбатан 1,4 баравар кўп. Марказий банк маълумотларига кўра, сўмдаги омонатлар ҳажми 23 фоизга ўсиб, 205 триллион сўмга етган. Иқтисодиётнинг долларлашув даражаси ҳам пасайган: валюта кредитлари улуши 41 фоиздан 37 фоизга, валюта омонатлари 26 фоиздан 23 фоизга қисқарган.

Аҳолининг асосий валюта манбаи хориждан пул ўтказмалари бўлиб, уларнинг ҳажми 13,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 24 фоизга (+2,7 миллиард доллар) ва 2021 йилга (+5,5 миллиард доллар) нисбатан 66 фоизга кўп.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан халқаро пул ўтказмалари орқали 1,9 миллиард доллар олиб чиқилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 127 миллион долларга кам.
