
Ҳисобчилик касби арзирли танловми? 20+ йиллик тажрибага эга малакали молиячи Наргиза Муратованинг карьерасига назар
Ўзбекистонда молия соҳасида карьера қилиш тўғри қарорми? Бўлажак молиячилар ёки карьерасида «pivot» қилаётганлар бу саволга жавоб излаётиб, рақамларга, статистикага мурожаат қилиши табиий. Мамлакатдаги бизнес муҳити, хўжалик субъектлари сони ошиши, ЯИМ, инвестициялар ва фонд бозори қандай жонланаётгани, бухгалтерлар ва молиячиларнинг ўртача ойликлари ўсиши динамикаси, меҳнат бозоридаги талаб ва ҳоказоларга разм солиш мумкин.

Аммо бунда кўплаб тафсилотлар жадвал ва диаграммалар ортида қолиб кетади. Холис ва тўғри қарор қабул қилиш учун эса шахслар ҳақидаги ҳаётий ҳикоялар ёрдамга келади. Шунинг учун, Ўзбекистондаги энг малакали молиячи мутахассислардан бири, «Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ бош бухгалтери Наргиза Муратова босиб ўтган йўлга назар ташладик. Наргиза Муратова жорий йил октябрь ойи бошида МДҲ давлатлари миқёсида ўтказилган анжуманда «Ўз касбининг фидойиси» сертификати ва эсдалик мукофоти билан тақдирланди.
Беқарор 90 йиллардаги болалик
«Болалигим 90 йилларда ўтган, эсимни таний бошлаган даврларимда Ўзбекистон ўзининг миллий валютасига эга бўлган, бугун аҳолимизнинг деярли ярми кўрмаган, аллақачон муомаладан чиқиб кетган 1, 3 ва 5 сўмли банкноталарни ишлатиб катта бўлганмиз», деб хотирлайди Наргиза Муратова. Ўзининг айтишича, у зиёли оилада, яхши шароитларда ўсган, бироқ мамлакатда умумий вазият яхши бўлмагани, ишсизлик, аҳоли даромадлари пастлиги ва, хусусан, мактабдаги ўқитувчилари ойлик камлиги учун ишларини ташлаб, бозорда савдо қилишга ўтиб кетганини ҳам кузатган. Яна мактабда китобларнинг айримлари кириллча, айримлари лотинча ўзбек ёзувида бўлгани, компьютерлар умуман бўлмагани, ҳозиргига нисбатан кўпроқ одам русча гаплаша олгани ҳам унинг болалик хотираларида қолган.
Бухгалтер бўламан!
«Мактабда математикани яхши ўқиганим ва ҳисоб-китобга табиий уқувим бўлгани, шунингдек, ишбилармонлар оиласида ўсганим учун касб танлаш қийин бўлмаган. «Финансовий»га кираман, бухгалтер бўламан, деб қарор қилганман. Университетга кириш имтиҳонларига пухта тайёрланганман», дейди қаҳрамонимиз. Суҳбат орасида тасодифан пайқаб қоламиз: Наргиза Тоҳировна Тошкент молия институтининг «Молия-иқтисод» факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинган экан.
Эҳтимол, анча вақт ўтгани учун «бюджет»да ўқигани дарров ёдига келмагандир ёки бу шунчаки совуққон ва камтар инсон эканидандир, аммо бу қаҳрамонимиз портретидаги қўшимча безак эмас, асосий чизгилардан биридир. Сабаби, у ўқишга кирган 2000 йилларнинг ўрталарида Олий таълим муассасаларига умумий даъвогарларнинг бор-йўғи 10 фоизи қабул қилинган, рақобат кучли бўлган. Давлат гранти асосида ўқиш эса ундан ҳам камёб ҳодиса бўлган.
Қолаверса, инситутга кираётган маҳалида, кўп тенгдошларидан фарқли равишда, 19 ёшли Наргиза бухгалтерияни мустақил ўрганиб улгурган эди.
Шундан бери ўқишдан тўхтаганим йўқ
«Институтга киришим билан, онам раҳбарлик қиладиган компанияда бухгалтер сифатида иш бошладим. Ўз соҳам бўйича мамлакатда энг яхши ўқитадиган даргоҳда таълим олиш менга насиб қилди. Иқтисодиёт ва молия бўйича умумий билим ва тасаввурлардан тортиб микроиқтисодиёт, таҳлил, ҳисоб юритиш, солиқ ҳамда кўплаб фанларни чуқур ўрганиш имконияти бўлди», дейди суҳбатдошимиз.
«Лекин университетда 4 йил ўқидим, шу етади», деб бўлмайди, молиячи доим малака ошириши, ўз устида ишлаши, касбий жиҳатдан ўзини ўстириб бориши керак экан. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, Ўзбекистон каби мамлакатлар турли ривожланиш босқичларидан эволюцион йўл билан ўтиб келишади. Масалан, мен ўқишни битирган йилларимда, ҳозир буни беркитадиган жойи йўқ, айрим корхоналар иккита алоҳида бухгалтерия ҳисоблари юритишга мажбур бўлганлар. Албатта, бу китобларда ёзилгандан фарқли бир реаллик эди. Институтга кирибманки, ўрганишдан тўхтамадим. Амалиётга борганимда соҳанинг китобга, институт маърузаларига кирмаган қисмларини ўзлаштиришда давом этдим. Кейинчалик бу ҳар бир ишлаган жойимда ҳам одатга айланди. Фақат бир кўникмани янгилаш ёки бошқасига ўзгартириш талаб қилинмайди: мутассил қизиқувчан бўлиш ва ўрганишни. Қолган барчасини русча қилиб айтганда «обновит» қилиб бориш зарур.»
Наргиза Муратова, шунингдек, турли малака ошириш курсларида қатнашиш ҳам фойдали эканини таъкидлайди. Ўзи 2007 йилда Молия вазирлиги ваUSAID ҳамкорлигида ташкил қилинган Профессионал бухгалтерларни халқаро сертификатлаш дастурида, кейин 2007-2017 йиллар оралиғида Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар ассоциацияси томонидан ўтказилган ўнга яқин курсларда муваффақиятли қатнашган.
Ихтисослашувми ёки универсаллик?
Наргиза Муратова, шунингдек, турли ташкилотлар ва йўналиши турфа бўлган хўжалик юритувчи субъектлар билан ишлаш ҳам профессионал бухгалтер ёки молиячи учун муҳимлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, ҳам давлат, ҳам хусусий секторда ҳар хил иқтисодий тармоқларда ишлаган мутахассиснинг турли мураккаб вазиятларда, солиқ ва ҳуқуқий масалаларда тўғри ечимларга келиши, ташкилот ва компанияларни иқтисодий жиҳатдан оптималлаштириши, пул тежаши имконияти кўп бўлади.
Қаҳрамонимиз таржимайи ҳолига қараб, «карьерани бошлаганда ҳамма ишни синаб кўриш керак, аммо бир компания билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш ҳам муҳим» деган хулосага келиш мумкин. Сабаби, Наргиза Муратова 2005-2014 йилларда телекоммуникация соҳасидаги хусусий компанияда, 2011-2014 йиллар оралиғида меҳнат вазирлиги ҳузурида илмий-тадқиқот институтида, 2022-2023 йилларда эса меҳмонхона бизнеси ҳамда саноат жиҳозлари савдоси билан шуғулланадиган жамиятларда фаолият юритган.
Карьерасининг энг кўп йиллари эса ўзи 11 йилдан бери бош бухгалтер ва молиявий маслаҳатчи лавозимида ишлаб келаётган «Ўзбекистон кабель телевиденияси» МЧЖ улушига тўғри келади.
Халқаро стандартларга ўтиш
«2020 йилдан кейин Ўзбекистонда иқтисодиётни замонавийлаштириш жараёни амалий равишда кеча бошлади. Молиячилар учун янги Ўзбекистоннинг эскисидан энг яққол фарқи – бу Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) ҳар бир давлат улуши бўлган корхона ва йирик компанияларда жорий қилина бошлагани билан боғлиқ деб айтиш мумкин. Институтда ва USAID курсларида биз МҲХСъни ўрганган эдик. Аммо назария бошқа, йиллик даромади юзлаб миллиард сўм бўлган компаниянинг 20 йилдан бери Ўзбекистоннинг миллий стандартлари бўйича юритиб келган ҳисоботларини трансформация қилиш бошқа», деб тушунтиради Наргиза Тоҳировна.
«Шундай қилиб, нақ уч йил давомида ҳам маҳаллий, ҳам украиналик ва британиялик мутахассислар томонидан ўтилган бир нечта курсда ўқиб чиқдим. Улардан бири ABCO академияси бўлиб, у ерда бир курсни ўқиб тугатганимдан кейин, мени дарс беришга, менторликка таклиф қилишди. Бу академияда дарс бергач, шогирдларим сонини бир неча баравар ошириб олдим. Ўз тажрибасини улашиш ҳар бир профессионал учун шарафли бир иш деб ўйлайман», дейди у.
ACCA ва IAPBE
Наргиза Муратова пандемиядан кейинги давр ҳақида эслаб, «ўша пайтда МҲХС бўйича малакамни оширарканман, мутахассис сифатида менда иккинчи нафас очилгандек бўлди», десам ошириб юбормаган бўламан» дейди.
У 2022 йилда ҳисобчилик соҳасида муҳим сертификациялаш ташкилоти бўлган ACCA ассоциациясининг ДипАФР, яъни олий тоифадаги молиявий ҳисоботлар бўйича дипломини қўлга киритган. Кейинчалик 2023 йилда эса бошқа нуфузли ташкилот ИАПБEнинг худди шундай дипломини олдим. 2025 йилда ўзбекистонлик етук мутахассис Наргиза Муратовани Лондонда бўлиб ўтган анжуманида, ушбу IAPBE (International Alliance of Professional Business Elite) альянси йилнинг бизнес лидери халқаро мукофотига лойиқ деб топди.
Сунъий интеллект ва маош
«Албатта замонавий технологиялар мен карьерамни бошлаганимда бухгалтерлар қиладиган кўп ишларнинг заруратини йўққа чиқариб улгурди. Рақамлаштириш, автоматлаштириш, сунъий интеллект оддий вазифаларни қила олишига ишонаман. Лекин 50 йилдан кейин ҳам таҳлил, стратегик режалаштириш, суждение (таҳр. – мулоҳаза) барибир инсонлар томонидан қилинади. Кулишингиз мумкин, лекин мен бухгалтерликни ижодий соҳа деб ҳисоблайман. Яъни бу касбни ижод даражасига кўтарган мутахассисларга доим талаб бўлади бозорда», деб лўнда жавоб беради у бизнинг «касбнинг келажаги борми?» деган саволимизга. «Эҳтимол, келаётган йилларда компанияларнинг бухгалтерия бўлимлари сунъий интеллект тайёрлаган ҳисобот ёки ахборотларни текширадиган молиячиларни ишга ола бошлар ёки бухгалтерлар шу вазифага қайта тайёрланар. Ким билади?»
Суҳбатимиз сўнгида Наргиза опага айлантириб бир саволни берамиз: «сизнинг калибрингиздаги мутахассислар қанча ойлик олишади?»
«Бухгалтерлар яхши билишади, ходимлар ойлиги бекорга сир сақланмайди», деб ҳазиллашади у.
«Меҳнат бозорида тажрибали бош бухгалтернинг ўртача ойлиги 30-40 миллион бўлиши мумкин, аммо бу сектордан секторга, соҳадан соҳага ва компаниядан компанияга фарқ қилади. Айрим компаниялар айнан молиячиларга улар бизнесга қўшган ҳиссасини эътиборга олиб катта мукофот пуллари ҳам тўлаб беришади.»
Муаллиф: Саидазиз Аъзамов





