Ўзбекистонда «E-bozor» ягона рақамли платформаси ишга туширилади
Платформада бозорлар ва савдо комплекслари ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади. Шунингдек, аҳолига бозор маъмуриятига электрон мурожаат юбориш имконияти яратилади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, «E-bozor» ягона рақамли бозор платформаси 2026 йил 1 октябргача синов тариқасида, 2027 йил 1 мартгача эса тўлиқ амалиётга жорий этилади.
Платформа орқали бозорлар ва савдо комплексларининг паспорти, манзили, бўш савдо шохобчалари ҳамда савдо ўринлари ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади.
Шунингдек, фуқаролар бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятига оид маълумотлар билан танишиши, бозор маъмуриятига электрон мурожаат юбориши ва жавоб олиши мумкин бўлади.
«E-bozor» платформаси «Солиқ» ахборот тизимлари комплекси таркибида жорий қилинади. Бундан ташқари, ҳар бир бозор ва савдо комплексига солиқ ходимлари бириктирилади. Уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳар куни таҳлил қилиб борилади.
Қарорга мувофиқ, бозорлар ҳудуди ва уларга туташ жойларда жойлашган автотураргоҳларда тўловларни ягона QR код орқали амалга ошириш имконияти яратилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августдан жарима майдончаларидан транспорт воситаларини чиқариш бўйича рухсатнома фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган ҳамда ижро органи томонидан «Жарима майдончаси» ахборот тизимида QR код орқали тасдиқланади ва электрон шаклда юборилади.
Ҳукумат қарорига кўра, ушбу чоралар бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини рақамлаштириш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда маиший коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Платформада бозорлар ва савдо комплекслари ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади. Шунингдек, аҳолига бозор маъмуриятига электрон мурожаат юбориш имконияти яратилади.
