Тошкент шаҳри ва вилоятида бизнес кайфияти яхшиланди — Марказий банк
Регулятор томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, 2026 йил I чорагида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тадбиркорлик муҳити янада яхшиланди.
Марказий банк 2026 йил И чораги бўйича бизнес кайфияти тавсифини эълон қилди. Унга кўра, 2026 йилнинг И чорагида Ўзбекистон бўйича бизнес кайфияти ижобий динамика билан давом этган.
Ҳудудларда ўтказилган сўров натижаларига кўра сўровда жами 2 487 та тадбиркор иштирок этиб, тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллик, бизнес муҳити ва бандлик бўйича баҳолари ижобий ва барқарор шаклланаётганини кўрсатди. Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 64 фоизи жорий бизнес шарт-шароитларини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан яхшиланган деб баҳолади (2025 йил И чоракда 56 фоиз). Бу кўрсаткичнинг сўнгги икки йил давомида ўртача 50 фоиздан юқори даражада шаклланаётгани тадбиркорлар ишончи барқарор сақланаётганини англатади.
Тадбиркорлар бизнес муҳитидаги энг муҳим ижобий ўзгаришлар сифатида банк хизматлари сифати ва рақобат муҳити яхшилангани, лицензия олиш жараёнлари соддалашгани ҳамда маъмурий аралашувлар бироз камайганини қайд этишди. Шу билан бирга, монополлашув даражаси, солиқ маъмурчилиги, энергетика таъминоти ва божхона тарифлари бўйича ҳолат ўтган йил даражасида сақланиб қолди.
Иқтисодий фаоллик кўрсаткичларининг ижобий шаклланиши I чоракнинг асосий хусусиятларидан бири бўлди. Юк ташиш ҳажмлари, қўшимча ишчи кучига бўлган талаб ҳамда ишлаб чиқариш ва буюртма ҳажмлари ошганини билдирган тадбиркорлар улуши ўтган йилнинг мос чорагига нисбатан 8–10 фоизга кўпайди. Айниқса, буюртмалар кўпайганини билдирганлар улуши 11 фоиз бандга ошиб, 57 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич Тошкент вилояти, Навоий, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида яққол намоён бўлиб, бунга асосан ишлаб чиқариш, туризм, таълим, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари асосий ҳисса қўшди.
Ишлаб чиқариш қувватларидан юқори фойдаланиш даражаси Фарғона ва Бухоро вилоятларида сезиларли ошган бўлса, Хоразм, Андижон, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида пасайди. Энергия таъминотидаги узилишлар, солиқ тизимидаги мураккабликлар, ички талабнинг етарли эмаслиги, ёнилғи нархларининг қимматлашиши ва айланма маблағларнинг камлиги тўлиқ қувватда фаолият юритмасликнинг асосий сабаблари сифатида қайд этилди. Меҳнат бозорида фаоллик барқарор даражада шаклланиб, аксарият корхоналарнинг қўшимча ишчи кучига бўлган талаби кўпайгани таъкидланди. И чоракда ишчи кучига талаби ошганини билдирган тадбиркорлик субъектлари улуши ўтган йилнинг мос чорагига нисбатан 5,6 фоиз бандга ошиб, 50,4 фоизга етди.
Келгуси чоракларда Андижон, Наманган, Сирдарё ва Навоий вилоятларида қўшимча ишчи кучига талабнинг юқори даражада ортиши кутилмоқда. Ишлаб чиқариш, қурилиш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бу кўрсаткич бошқа йўналишларга нисбатан юқорироқ шаклланиши мумкин. Молиявий кўрсаткичлар бўйича сўнгги уч ой давомида қарз мажбуриятлари ошганини билдирган тадбиркорлар улуши бироз камайиб, 38 фоизни ташкил этди. Шундай бўлсада, қўшимча кредитларга бўлган талаб борасидаги кутилмаларда ўсувчи тенденциялар сақланиб қолмоқда – респондентларнинг 49 фоизи келгусида қарз мажбуриятлари ошишини кутмоқда. Кредит ресурсларига энг юқори эҳтиёж қурилиш, ишлаб чиқариш, маиший хизмат, қишлоқ хўжалиги ва умумий овқатланиш йўналишларида қайд этилди. Умуман олганда, тадбиркорларнинг 71 фоизи келгуси даврда макроиқтисодий шароитлар яхшиланишига ишонч билдирган. Бу кўрсаткич тадбиркорлик субъектларида иқтисодий ривожланиш истиқболларига ишончнинг юқори даражада сақланаётганидан дарак беради.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида респондентларнинг 60 фоизи бизнес шарт-шароитларини яхшиланган деб баҳолади. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос чорагига нисбатан 14 фоиз бандга ошди. Хусусан, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, коммунал хизматлар ва таълим соҳаларида бизнес муҳити яхшиланганини таъкидлаганлар улуши сезиларли кўпайди. Банк хизматлари сифати ва кредит олиш имкониятлари, рақобат муҳити, лицензия-гувоҳнома, маъмурий аралашувлар ҳамда электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Буюртмалар ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ошганини қайд этганлар улуши ўтган йилнинг мос равишда 11 ва 17 фоиз бандга юқори шаклланди. Тадбиркорларнинг 53 фоизи энергия истеъмоли ошганини маълум қилди. Меҳнат бозори ҳам фаоллашиб, қўшимча ишчи кучига талаб кўпайганини билдирганлар улуши 16 фоиз бандга ошди. Келгуси уч йилда тадбиркорларнинг 70 фоизи иқтисодиёт ва бизнес муҳитининг яхшиланишига ишонч билдирган.
