Олтин экспорти камайиб, гўшт, бензин ва газ импорти кескин ортди — Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
2026 йил январь-май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,8 млрд долларга етди. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан 1,2 млрд долларга (3,7 фоиз) кўп.
Статистика қўмитаси ташқи савдодаги ўсиш импорт ҳиссасига тўғри келиб, экспорт улуши сезиларли қисқарганини маълум қилди. Хусусан, мамлакатнинг беш ойлик экспорти 12,6 млрд доллар (15,5 фоизга камайган), импорти эса 20,1 млрд доллар (20,8 фоиз ўсган) бўлган. Ташқи савдода 7,5 млрд долларлик тақчиллик юзага келган.
Энг йирик ҳамкор Хитой бўлиб қолмоқда
Январь-май ойларида Ўзбекистон Хитой билан энг йирик миқдорда савдо қилган — 7,65 млрд доллар (2025 йил мос даврига нисбатан 2,2 млрд долларга кўпайган). Бунда республика 1,1 млрд долларлик товар ва хизматлар экспорт қилган. Хитойдан импорт ҳажми эса қарийб 6,5 млрд долларга етган.
Ташқи савдода иккинчи ўринда Россия қайд этилган. Икки давлат ўртасида беш ойлик савдолар қиймати 5,8 млрд долларга яқинлашган (бир йилда 1 млрд доллар ошган). Хусусан, Россияга 1,9 млрд долларлик товар ва хизматлар сотилган. Мазкур мамлакатдан Ўзбекистонга импорт ҳажми 3,9 млрд долларни ташкил этган.
Ўзбекистоннинг учинчи рақамли савдо ҳамкори Қозоғистон бўлиб турибди. Икки давлат ўртасида беш ойлик савдолар улуши 2,26 млрд долларга етган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 450 млн долларга кўп. Бироқ Ўзбекистон экспортида Афғонистон топ учликни эгаллаган бўлиб, қўшни давлатга 817,8 млн долларлик товар ва хизматлар сотилган. Импортда эса Қозоғистон учинчи ўринда қайд этилиб, қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга 1,7 млрд долларлик маҳсулотлар хариди амалга оширилган.
Умуман олганда, энг йирик ҳамкорлар билан савдонинг йирик улуши Ўзбекистон импорти ҳиссасига тўғри келмоқда.
Нималар кўпроқ экспорт қилинди?
Ўзбекистон беш ойлик умумий экспортининг энг катта улуши (36,3 фоизи) хизматлар ҳиссасига тўғри келди. Бу даврда мазкур тармоқнинг жами экспорт тушумлари 4,6 млрд долларни ташкил этган (ўсиш 34,9 фоиз). Жумладан, туризмдан 2,24 млрд доллар, транспорт хизматларидан 1,66 млрд доллар келган. Телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматларидан тушумлар 441,8 млн долларга етган.
Мамлакатнинг жорий йил январь-май ойларидаги олтин экспорти 2025 йил мос даврига нисбатан 76,8 фоизга камайди. Умуман олганда, бу йилнинг беш ойи ичида фақатгина апрелда 1,5 млрд долларлик олтин сотилган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг дастлабки беш ойида хорижга 6,5 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспорт бўлганди.
Июнгача ўтган даврда Ўзбекистон 1,9 млрд долларлик саноат товарлари экспортини амалга оширган (ўсиш 18 фоиз). Мазкур таркибда тўқимачилик маҳсулотлар сотуви энг кўп улушни ташкил этган — 747,8 млн доллар (ўсиш 12,2 фоиз). Кейинги ўринда рангли металлар сотуви қиймати юқори — 721,5 млн доллар (ўсиш 9,2 фоиз)
Ўз навбатида кимёвий воситалар экспорти 1 млрд доллардан ошган бўлиб, йиллик ўсиш 37,6 фоизга етган. Ушбу таркибда ноорганик кимё моддалари улуши энг йирик ҳисобланади — 656,9 млн доллар (ўсиш 59,8 фоиз).
Беш ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳайвонлар экспорти ҳажми ҳам 1 млрд доллардан ошган (ўсиш 9,1 фоиз). Мазкур таркибнинг асосий улуши мева-сабзавотлар (654 млн доллар) ва донли маҳсулотлар (250,9 млн доллар) ҳиссасига тўғри келган.
Ўз навбатида хорижга 660,7 млн долларлик минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари сотилган (ўсиш 10,1 фоиз). Шундан 357,7 млн доллари (ўсиш 69,8 фоиз) нефть ва нефть маҳсулотлари сотувидан келган. Беш ой давомида 202,9 млн долларлик табиий газ эскорт қилинган (29 фоизга камайган).
Энг кўп импорт қилинган товар ва хизматлар
Ўзбекистон импортининг энг йирик улушини (33,1 фоиз) машиналар ва транспорт асбоб ускуналари савдоси ташкил этган — 6,66 млрд доллар (ўсиш 20,5 фоиз). Шундан 1,55 млрд доллари автомобиллар (ўсиш 25 фоиз), яна 1,15 млрд доллари электр машиналари, аппаратлари ва жиҳозлари (ўсиш 46,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.
Кейинги йирик импорт улушини саноат товарлари хариди ташкил этган — 3,1 млрд доллар (12,8 фоиз). Мазкур таркибда чўян ва пўлат (1,24 млрд доллар) ҳамда рангли металлар (453,6 млн доллар) нисбатан йирик қийматда олиб келинган.
Беш ойлик импорт харажатларининг 2 млрд доллари (ўсиш 14,7 фоиз) хизматларга кетган. Шундан 919,4 млн доллар туризмга, 490 млн доллар транспорт хизматларига чиқим қилинган.
Январь-май ойларида кимёвий воситалар импорти 2,5 млрд долларга етиб, йиллик ўсиш 15,9 фоизни ташкил этган. Жумладан, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари (794,9 млн доллар) ҳамда бирламчи шаклдаги пластмассалар (450,7 млн доллар) импорти улуши юқори бўлган.
Ўз навбатида беш ойда 2,3 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорт қилинди (ўсиш 42,3 фоиз). Шундан донли маҳсулотлар улуши (632,5 млн доллар) нисбатан юқори.
Беш ойда Ўзбекистонга 393,6 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари олиб келинган. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан 46,9 фоизга кўп. Шакар импорти ҳам 51,1 фоизга ўсиб, жами қиймати 296,4 млн долларга етган. Мазкур таркибдан 284 млн долларлик (ўсиш 32,4 фоиз) мева-сабзавотлар хариди ҳам ўрин олган.
Шу билан бирга, беш ойда 1,86 млрд долларлик (ўсиш 31,7 фоиз) минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорт қилинган. Жумладан, 1 млрд долларлик харидлар нефть ва нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган (ўсиш 15 фоиз). Шундан 373,4 млн долларига бензин сотиб олинган (бир йил олдингидан 85,1 фоизга кўп). Нефть маҳсулотлари импорти таркибининг 226,8 млн долларлик дизель (ўсиш 2 фоиз) хариди ҳиссасига тўғри келган.
Беш ойлик газ импорти ҳажми эса 84,1 фоизга ошиб, жами 724,7 млн долларни ташкил этди. Шунинг 68,2 млн доллари (ўсиш 3,3 баравар) суюлтирилган газ (пропан) ҳиссасига тўғри келди.
