Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи бир йилда 20 фоизга кўпайди
Ҳисоб китобларга қараганда, 2026 йил январь-март ойларида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи миқдори йил бошига нисбатан ўзгармаган. Яъни уч ой давомида 82,2 млрд долларлик ялпи ташқи қарз қолдиғи сақланиб қолган.
2026 йил I чораги якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларни ташкил этди. Таққос учун, 2025 йил дастлабки уч ойида мазкур кўрсаткич 68,4 млрд доллар эди. Қарзлар миқдори бир йиллик даврда қарийб 13,8 млрд долларга ёки 20 фоизга ортган.
Марказий банк 40,5 млрд доллар кредитлар давлат ташқи қарзи, 41,7 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарзлигини қайд этган. Бунда давлат зиммасидаги қарзлар миқдори бир йил ичида 4,7 млрд долларга, корхоналар қарзлари 9,1 млрд долларга кўпайган.
“Корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади. Бунда, корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас, улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ҳамда банкларнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилади”, дейилади регулятор шарҳида.
Ҳисоб китобларга қараганда, 2026 йил январь-март ойларида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи миқдори йил бошига нисбатан ўзгармаган. Яъни уч ой давомида 82,2 млрд долларлик ялпи ташқи қарз қолдиғи сақланиб қолган.
Марказий банк Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг ташқи қарз юки паст даражада эканини эслатиб ўтган. Бунга кредитлар асосан имтиёзли шартларда олинганига урғу берилган.
Маълумот учун, 2026 йил учун Ўзбекистон бюджетига оид қонунда ҳукумат номидан ташқи қарзларни жалб қилишнинг чекланган ҳажми 5 млрд доллар этиб белгиланган. Олинган кредитларнинг ярми давлат бюджети тақчиллигини қоплашга, қолган 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Давлат ташқи қарз тақсимоти
Давлат ташқи қарзининг 19,7 млрд доллари бюджет тақчиллигини қоплашга сарфланган. Вазирлик таҳлилига кўра, қолган маблағ қуйидаги соҳаларга йўналтирилган:
- ёқилғи-энергетика саноатига — 5,6 млрд доллар;
- транспорт — 3 млрд доллар;
- қишлоқ ва сув хўжалиги — 3,3 млрд доллар;
- уй-жой коммунал хўжалиги — 3,2 млрд доллар;
- соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари ҳамда бошқа секторлар — 3,6 млрд доллар.
Ўз навбатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга 624 млн доллар, кимё саноатини ривожлантиришга 607 млн доллар берилгани билдирилган.
Энг йирик қарз берувчилар
Давлат ташқи қарзининг 22,3 млрд доллари (56 фоизи) халқаро молия институтларидан олинган. Жумладан, энг йирик кредитор Жаҳон банки бўлиб турибди — 9,04 млрд доллар. Кейинги навбатда мамлакатнинг Осиё тараққиёт банкидан қарз қолдиғи 8,3 млрд долларни ташкил этган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан 2,3 млрд доллар, Ислом тараққиёт банкидан 1,1 млрд доллар қарздор.
