ХВЖ Ўзбекистоннинг валюта курсини «сузиб юрувчи» тоифасига ўтказди
Жамғарма бу қарорни 2025 йил апрелидан буён валюта курси мослашувчанлиги ошгани билан изоҳлади.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистоннинг амалдаги валюта курси режимини «бошқарилувчан» (crawl-like) тоифасидан «сузиб юрувчи» (floating) тоифасига қайта таснифлади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
ХВЖ ҳисоботига кўра, ушбу ўзгариш 2025-йил апрель ойидан буён Ўзбекистонда валюта курси мослашувчанлиги ошгани билан боғлиқ.
Жамғарма экспертларининг фикрича, валюта курсининг янада мослашувчан бўлиши иқтисодиётнинг ташқи таъсирларга бардошлилигини оширади, халқаро захираларни ҳимоя қилишга хизмат қилади ҳамда валюта рискларини суғурталаш (хеджирлаш) амалиёти ривожланишини рағбатлантиради.
Шунингдек, бу инфляцион таргетлаш режимининг самарали ишлашига ҳам ҳисса қўшиши қайд этилган.
Марказий банк таҳлилларига кўра, 2025 йилда сўм эркин сузувчи валюта курси динамикасини намоён қилган. Хусусан, йил давомида миллий валюта алмашув курси 6,9 фоизга мустаҳкамланган, кунлик тебраниш даражаси эса икки баробар ошган.
Регулятор маълумотига кўра, агар мамлакатда валюта курси 6 ой ёки ундан кўпроқ муддат давомида марказий қиймат атрофида ±2 фоизлик оралиқда шаклланса, ХВЖ таснифи бўйича бу ҳолат эркин сузувчи курс эмас, балки барқарорлаштирилган валюта курси режими сифатида баҳоланади.
Шундан келиб чиқиб, Марказий банк 2025 йилда сўм эркин сузувчи валюта курси хусусиятларини намоён этганини маълум қилган.
