Ўзбекистон ва Япония рақамли технологиялар соҳасида биргаликда мутахассис тайёрлайди
Японияда IT мутахассисларга талаб юқори экани инобатга олиниб, Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини халқаро меҳнат бозорига йўналтириш масаласи муҳокама қилинди.
Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Япония бизнес федерацияси (Keidanren) ҳузуридаги Япония ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлиги қўмитаси раиси Такеши Хашимото бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Японияда ахборот технологиялари мутахассисларига эҳтиёж ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, Ўзбекистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар тайёрланаётган мутахассисларнинг салоҳиятини халқаро меҳнат бозорига йўналтириш ҳамда Ўзбекистондан Японияга IT хизматлари экспортини кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, Япония делегациясига Ўзбекистонда маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center)ни ташкил этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва йирик технологик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли иқтисодиёт, IT хизматлари экспорти, рақамли инфратузилма ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
