Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди
Вилоятлар орасида иш ҳақи ўсиш суръати энг юқори Жиззах вилоятида қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,4 фоизга ошган.
Ўзбекистонда 2026-йилнинг январь—июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 12 миллион 13,9 минг сўм. Иккинчи ўринда Навоий вилояти 8 миллион 722,7 минг сўм билан қайд этилган. Энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида кузатилиб, ўртача иш ҳақи 4 миллион 864,7 минг сўмни ташкил қилган.
Вилоятлар орасида иш ҳақи ўсиш суръати энг юқори Жиззах вилоятида қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,4 фоизга ошган. Шунингдек, Наманган (19,4 фоиз), Тошкент вилояти (17,8 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (17 фоиз) ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида қайд этилган бўлиб, 19 миллион 100,2 минг сўмни ташкил қилган. Ундан кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳаси (17 миллион 417,4 минг сўм) ҳамда ташиш ва сақлаш соҳаси (11 миллион 70 минг сўм) жой олган.
Таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 4 миллион 977,1 минг сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар йўналишида эса 4 миллион 440,3 минг сўмни ташкил этган. Бироқ айнан ўсиш суръати бўйича ташиш ва сақлаш (22,8 фоиз), таълим (20,3 фоиз), соғлиқни сақлаш (20,1 фоиз) ҳамда қурилиш (19,9 фоиз) соҳалари етакчилик қилган.
Миллий статистика қўмитаси қайд этишича, ушбу кўрсаткичлар корхона ва ташкилотларнинг электрон статистика ҳисоботлари асосида шакллантирилган бўлиб, кичик корхоналар, микрофирмалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари маълумотларини ўз ичига олмайди.
