Ўзбекистонда банклар ярим йилда қанча соф фойда кўргани очиқланди
Ҳозир республикада 34 та банк фаолият юритмоқда. Улар ярим йил давомида 1,54 трлн сўм фойда солиғи тўлаган.
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда тижорат банклари соф фойдаси салкам 4,5 трлн сўмга кўпайди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Олти ойда банклар жами 11 трлн сўм соф фойда кўрган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2025 йил мос даврида 6,5 трлн сўмни ташкил этган. Яъни фойда бир йил олдинги рақамларга қараганда 69 фоизга ошган.
Ҳозир республикада 34 та банк фаолият юритмоқда. Улар ярим йил давомида 1,54 трлн сўм фойда солиғи тўлаган. 2025 йил январь—июнь ойларида эса мазкур кўрсаткич 1,37 трлн сўм эди.
1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг жами ажратган кредитлари қолдиғи 642,8 трлн сўмга етди. Бу бир йил олдингидан 67,6 трлн сўмга кўп. Депозитлар қолдиғи эса 473,7 трлн сўмни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос давридагига нисбатан 118,1 трлн сўмга ошган.
Банкларнинг асосий даромадлари пул устига фоиз қўшиб, кредит беришдан келади. Жорий йилнинг дастлабки ярмида банклардаги жами фоизли даромадлар миқдори 71,8 трлн сўмни ташкил этган. Бу бир йил аввалги рақамлардан 11,6 трлн сўмга кўп.
Фоизсиз даромадлар миқдори(кредит ёки депозит фоизларидан ташқари тушумлар) 19 трлн сўмга етган. Бу 2025 йилнинг биринчи ярмидагидан 11 трлн сўмга кўп дегани. Соф фойда эса солиқ ва бошқа барча харажатлардан ортган даромад ҳисобланади.
