Уй-жой субсидияси учун аризалар қабули 27 июль куни бошланади
Субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра камида 30 балл тўплаши, шунингдек, кредит тарихи дастурда иштирок этувчи тижорат банкларидан камида бирининг ички талабларига мос келиши керак.
Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар олиш учун аризалар қабули бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аризаларни 27 июль куни соат 15:00 дан бошлаб жўнатиш мумкин. Улар ипотека кредитлари бўйича субсидия тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида илгари тақдим этилган, бироқ хабарнома муддати давомида фойдаланилмаган қисм ҳисобидан қабул қилинади.
Субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра камида 30 балл тўплаши, шунингдек, кредит тарихи дастурда иштирок этувчи тижорат банкларидан камида бирининг ички талабларига мос келиши керак.
Бундан ташқари, ариза берувчининг ва унинг турмуш ўртоғининг номида мамлакатнинг барча ҳудудлари бўйича мулк ҳуқуқи асосида турар жой бўлмаслиги лозим. Уларнинг ўртача ойлик даромади ҳам белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида қуйидагича бўлиши керак:
- Қорақалпоғистон ва вилоятларда — МҲТEКМнинг 2,7 баравардан 8 бараваргача (3,431 млн — 10,168 млн сўм);
- Тошкент шаҳрида — МҲТEКМнинг 2,7 баравардан 9,2 бараваргача (3,431 млн — 11,693 млн сўм).
Аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали, шунингдек, мйГов мобил иловаси ёки Ягона портал (my.gov.uz) орқали топшириш мумкин.
Ариза топшириш жараёнида фуқаролар ОнеИД тизимидаги шахсий маълумотларни бошқариш панели орқали банкларга кредит тарихини баҳолаш учун зарур маълумотлардан фойдаланишга рухсат бериши керак. Шунингдек, кредит тарихини олишга вақтинчалик чеклов ўрнатилмаган бўлиши лозим. Акс ҳолда, кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, ариза рад этилиши мумкин.
Ҳарбий тузилмалар ходимлари эса субсидияга ариза топшириш учун бевосита Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши мумкин.
Субсидия олиш жараёнида кредит тарихи баҳоланадиган банклар қаторига Агробанк, Алоқабанк, Асакабанк, Asia Alliance Bank, Бизнесни ривожлантириш банки, Ҳамкорбанк, Ipak Yuli bank, Ипотека-банк, Микрокредитбанк, OFB, Трастбанк, Туронбанк, Халқ банки, Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанк киради.
