Тошкентдаги Шаҳрисабз кўчасида BRT йўлаги қурилиши бошланади
Бунда мазкур йўл қисми транспорт воситалари ҳаракати учун тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари йўлнинг марказий қисмидаги тўртта ҳаракатланиш тасмасида амалга оширилади.
Тошкентнинг Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида автобуслар учун мўлжалланган BRT йўлагини ташкил этиш ишлари бошланади. Шу муносабат билан кўчанинг бир қисмида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг маълум қилишича, ишлар Шота Руставели кўчасида ташкил этилган ва пойтахт аҳолиси томонидан ижобий баҳоланган BRT йўлагини Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб давом эттириш доирасида амалга оширилади.
Қайд этилишича, 24 июль соат 01:00 дан 9 август соат 23:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз—Миробод—Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида йўлни BRT талаблари асосида мослаштириш ишлари олиб борилади.
Бунда мазкур йўл қисми транспорт воситалари ҳаракати учун тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари йўлнинг марказий қисмидаги тўртта ҳаракатланиш тасмасида амалга оширилади.
Таъмирлаш даврида ҳар икки йўналишда транспорт воситалари ҳаракати йўлнинг ўнг чеккасидаги иккита ҳаракатланиш тасмаси орқали давом эттирилади. ЙТҲМ ҳайдовчилардан ушбу ҳудудда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишни сўраб, юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.
