Ўзбекистонда банклар мижозлар мурожаатларининг сабабларини ҳам бартараф этиши шарт бўлади
Янги тартиб билан банк бошқаруви ва ички аудитнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги жавобгарлиги ҳам кучайтирилмоқда.
Марказий банк банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, расмий эълон қилинган кундан бир ой ўтиб кучга киради.
Ҳужжат билан илк бор «тизимли камчилик» тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилди. У банк маҳсулотлари, бизнес жараёнлари, хизмат кўрсатиш бўлинмалари, ахборот ёки ички назорат тизимларида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи ҳамда алоҳида ҳолат билан чекланмайдиган камчиликларни англатади.
Янги тартибга кўра, банклар мурожаатларни кўриб чиқишда нафақат қоидабузарликлар ва салбий ҳолатларни бартараф этиши, балки истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабабларни ҳам йўқотиши шарт бўлади.
Банклар мурожаатларни ҳар чорак ва йил якунлари бўйича умумлаштириб, таҳлил қилади. Бундай таҳлилларда мурожаатлар сони ва турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, энг кўп учрайдиган муаммолар, аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар акс эттирилиши лозим.
Қарор билан банк бошқаруви ва ички аудит хизматининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги масъулияти ҳам кучайтирилди.
Хусусан, банк бошқаруви тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режасини тасдиқлаши, ички аудит эса унинг ижроси ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаб бориши белгиланди.
Бундан ташқари, тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмаган деб ҳисобланадиган ҳолатлар ҳам аниқ белгиланди.
Жумладан, ҳаракатлар режасининг тасдиқланмаслиги, ундаги топшириқларнинг ўз вақтида бажарилмаслиги, кўрилган чораларга қарамай камчиликларнинг сақланиб қолиши ёки ички аудит томонидан назоратнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги шундай ҳолатлар қаторига киритилди.
Шунингдек, банклар мурожаатлар таҳлили бўйича тайёрланган чораклик ва йиллик маълумотномаларни белгиланган муддатларда ўз расмий веб-сайтида эълон қилиб бориши шарт бўлади.
