Давлат хизматчилари учун 11 разрядли ягона иш ҳақи тизими жорий этилиши таклиф қилинди
Янги тизимга кўра, 54 минг нафар давлат хизматчиси 11 разрядли иш ҳақи сеткасига ўтказилиб, устама ва бонуслар KPI, малака, ташаббускорлик ҳамда эришилган натижаларга қараб белгиланади.
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда қайд этилишича, амалда давлат хизматчилари иш ҳақи таркибида лавозим маошининг улуши 15 фоиздан ошмайди, иш ҳақи фондининг 70 фоизгача қисми эса ходимнинг аниқ натижасига боғланмаган устама, мукофот ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса бир хил лавозимда ишловчи ходимлар ўртасида иш ҳақида катта тафовутларни юзага келтирган.
Шунингдек, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини белгилайдиган ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, бу соҳада 50 дан ортиқ алоҳида норматив ҳужжат амал қилаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб оладиган янги тизим таклиф этилди. Унга кўра, давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткаси жорий этилиши, ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига эса учта асосий рағбатлантириш тўлови қолдирилиши таклиф қилинди.
Жумладан, устамалар ходимнинг малакаси, функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги ҳамда KPI самарадорлик кўрсаткичлари асосида ҳисобланади. Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ва юқори натижага эришган ходимларга ҳисобот даври якуни бўйича бонуслар тўлаш назарда тутилмоқда.
Таклифларга кўра, ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда штат бирликлари ҳамда иш ҳақини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади.
Президент меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ва эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бонус тўловлари ходимнинг сунъий интеллект ва бошқа илғор ахборот технологияларини ўзлаштириши, замонавий билим ва кўникмаларини ошириши каби аниқ мезонлар асосида берилиши белгиланди.
