

Инфляцияни пасайтириш ва аҳоли яшаш даражасини оширишда ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашилди.
Молия вазири ва Марказий банк раиси Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рон ван Роден билан учрашди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 декабрь куни молия вазири Тимур Ишметов, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ва иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Халқаро валюта фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рон ван Роден билан учрашув ўтказган.
Қайд этилишича, учрашув давомида сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, хусусийлаштириш, божхона ислоҳотлари, ЯИМнинг ўсиши, бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, хусусий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлилиги ва изчиллигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига муайян таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавф-хатарлар муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, учрашувда томонлар иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, трансформация жараёнлари, инфляция даражасини пасайтириш, аҳолининг яшаш даражасини ошириш, электр энергияси ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик борасида фикр алмашган.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер майдонларни ажратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, меҳнат самарадорлиги ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболлари ўрганилган. Учрашув сўнггида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олган.
Аввалроқ Жамшид Қўчқоров ва Тимур Ишметов Жаҳон банки вакиллари билан учрашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Марказий банк раҳбарияти ХВЖ вакиллари билан Ўзбекистоннинг макроиқтисодий прогнозларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилди.