Apple ва Meta фойдаланувчи маълумотларини хатолик туфайли ҳакерларга топширди
Компаниялар сохта сўровлар бўйича маълумотларни неча марта тақдим этгани номаълум.
Apple ва Meta 2021 йил ўрталарида ўзини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сифатида кўрсатган ҳакерларга фойдаланувчи маълумотларини берди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, компаниялар сохта «фавқулодда сўровлар»га жавобан фойдаланувчиларнинг манзиллар, телефон рақамлари ва IP манзилларни тақдим этган.
Манбаларнинг таъкидлашича, бундай маълумотлар одатда фақат судья томонидан имзоланган қидирув ёки чақирув қоғози тақдим этилганда эълон қилиниши мумкин, аммо фавқулодда сўровлар учун керак эмас. Компаниялар бундай сўровлар бўйича маълумотларни неча марта тақдим этгани номаълум.
Snap компанияси ҳам худди шу ҳакерлардан сохта сўров олган, бироқ улар жавоб сифатида маълумотларни тақдим этгани ёки йўқлиги номаълум. Шунингдек, компаниялар сохта сўровларга неча марта маълумот тақдим этгани аниқ эмас.
Баъзи киберхавфсизлик мутахассисларига кўра, жиноятлар ортида АҚШ ва/ёки Буюк Британиялик вояга етмаганлар бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, жиноятчилар сохта сўровлар қилиш учун бутун дунё бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳақиқий электрон почта доменларидан фойдаланган.
Манбаларга кўра, ҳакерлар олинган маълумотлардан таъқиб қилиш ва молиявий фирибгарлик учун фойдаланиши мумкин. Улар қайси ҳажмдаги маълумотларга киришга улгургани аниқланмаган.
Apple вакили компания кўрсатмаларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Уларда таъкидлашича, фавқулодда сўров юборган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими билан «боғланиб, Apple компаниясидан унинг қонуний эканини тасдиқлашни сўраш мумкин».
Бундан ташқари, 2020 йилнинг июлидан декабригача Apple 29 мамлакатдан 1162 та фавқулодда сўровларни қабул қилган. Компания ҳисоботига кўра, ушбу сўровларнинг 93 фоизига жавобан маълумотлар тақдим этилган. Meta 2021 йилнинг январидан июнигача бутун дунё бўйлаб фавқулодда вазиятлар бўйича 21 минг 700 та сўров қабул қилганини ва сўровларнинг 77 фоизига жавобан баъзи маълумотларни тақдим этганини айтди.
Аввалроқ Apple акциялари ишлаб чиқариш қисқартирилганидан кейин пасайишни бошлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Meta’нинг Россияда блокланиши компанияга қанча зарар келтириши ҳақида хабар берилди.