Банкрот ёқасида турган SpaceX, нархи ошган гўшт ва Google Play’даги 2021 йилнинг энг яхши иловалари — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яқин соатларда 2021 йилнинг 1 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Google Play’даги 2021 йилнинг энг яхши ўйин ва иловалари
Android иловалар дўкони Play Store Google Play 2021 йилнинг энг яхшилари рейтингини эълон қилди. Энг юқори талаб шахсий ўсиш билан боғлиқ иловаларга бўлди. Уйқуни яхшилаш ва стрессдан халос бўлиш учун медитацияларни таклиф қилувчи Balance хизмати барча тоифалар бўйича йил иловасига айланди.
Етакчилар қаторида ой тақвимига асосланган маслаҳатлар берувчи Moonly иловаси ҳам бор. Шунингдек, Laughscape (кулги орқали медитацион ҳолатга эришишга ёрдам беради) ҳам ғолиблар рўйхатига киритилган. Pokémon UNITE энг яхши ўйин деб топилган.
Ўзбекистоннинг ноябрь ойидаги инфляция кўрсаткичи
Ўзбекистонда 2021 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,2 фоизга қимматлашди. Йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 8,6 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,8 фоизни ташкил этган. Йиллик ўсишда истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 10,3 фоизга етган.
Банкротлик ёқасида тургани маълум қилинган SpaceX
Илон Маскнинг SpaceX космик компанияси Starship ракетаси учун Raptor двигателини ишлаб чиқиш билан боғлиқ муаммолар туфайли банкротликка дуч келмоқда.
«Raptor ишлаб чиқариш инқирози бир неча ҳафта олдин кўринадиганидан анча ёмонроқ. Келгуси йилда камида икки ҳафтада бир марта Starship парвоз частотасига эриша олмасак, биз банкротлик хавфига дуч келамиз», — дея огоҳлантирган Илон Маск CNBC, Space Explored и The Verge ходимларига йўллаган мактубида.
Ижара ҳаққи 1 долларлик квартиралар
Япония пойтахти Токиода Швециянинг IKEA компанияси ойига 0,86 долларга квартираларни ижарага беришни бошлади. Ушбу квартираларнинг ўлчами атиги 10 метр квадратни ташкил қилади. Квартиралар икки қаватли бўлиб, уларнинг ичида мини ётоқхона, иш майдони, кир ювиш машинаси, тўшак ва ҳатто ҳаммом ҳам мавжуд.
Бундай хонадонлар Токионинг Шинжуку ҳудудида ижарага берилади. Квартиралар ҳозирча фақат IKEA Family клуби аъзолари учун мавжуд ва ойига 99 ен ёки тахминан 0,86 долларни ташкил қилади.
МИБ томонидан сотувга қўйилган омборхона биноси
Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюросига тегишли омборхона биносини аукцион савдосига қўйилди. Аукционда иштирок этиш учун аризалар 28 декабрь соат 13:00 дан 30 декабрь 9:00 гача қабул қилинади. Аукцион нархни ошириб бориш усулида ўтказилади.

Шунингдек, бинонинг бошланғич нархи 37 миллиард 500 миллион сўм бўлиб, закалат миқдори 1 миллиард 875 миллион сўмни ташкил этади. Жумладан, биринчи қадам баҳоси — 750 миллион сўм.
Маълум бўлишича, бино Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Тол-ариқ кўчаси 24 уйда жойлашган. 3 қаватдан иборат бино 3 та хонани ўз ичига олади. Бино 1966–1990 йилларда, пишиқ ғишт ва темир бетондан қурилган. Объект ҳолати қониқарли. Бинода электр ва сув таъминоти мавжуд.
2020 йил божхона тўловидан деярли 2 баравар кам солиқ тўлаган UzAuto Motors
UzAuto Motors’нинг импорт товарлари учун божхона тўлови солиқ йиғимидан деярли икки баравар ортиб кетди. 2020 йилда UzAuto Motors томонидан давлат бюджетига жами 1,3 триллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар (товарлар импорти учун тўловлар бундан мустасно) тўланган. Жами давлат бюджети даромадларидаги салмоғи 0,98 фоизни ташкил қилган.
Шу билан бирга, товарлар импорти учун тўланган божхона тўловлари 2,3 триллион сўмни ташкил қилган. Январь-октябрь ойлари мобайнидаги бюджетга тўловлар 751,5 миллиард сўмни ташкил этиб, йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 950 миллиард сўмга етиши кутилмоқда. Давлат бюджетининг умумий даромадлари кутилаётган миқдорида 0,56 фоизни ташкил қилади.
Йил бошига нисбатан қимматлаган гўшт
Давлат статистика қўмитасининг истеъмол нархлари кузатуви маълумотларига кўра, ноябрь ойида мол гўшти нархлари октябрь ойига нисбатан ўртача 0,8 фоизга арзонлашган. Маҳсулот нархлари йил бошидан буён ўртача 11,2 фоизга ошгани кузатилган.
Шунингдек, ноябрь ойида помидор нархлари октябрь ойига нисбатан ўртача 54 физга қимматлашган. Помидор нархлари йил бошидан буён ўртача 10,1 фоизга арзонлашган.
Ноябрь ойида сабзи нархлари октябрь ойига нисбатан ўртача 25 фоизга арзонлашган. Маҳсулот нархлари йил бошидан буён ўртача 68 фоизга ошгани кузатилган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






