Чанг, сув танқислиги ва исроф. Ўзбекистонда электр таъминотига салбий таъсир қилаётган омиллар очиқланди
Ўзбекистонда йил якунига қадар режага нисбатан 23 фоиз кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутиляпти

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги энергия ресурсларининг оширилиши ва таъминотга салбий таъсир қилувчи омиллар ҳақида баёнот берди. Ахборот вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Маълум қилинишича, бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта омиллар сабаб электр энергияси таъминотида қувват танқислиги кузатилмоқда. Вазирлик бунинг бир нечта омиллари санади:
Биринчидан, 2021 йилнинг 4-5 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли шамол ва чанг-қумли бўрон кузатилган. Бунинг оқибатида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи 2 та йирик — Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг энергоқурилмаларини қалин қопламали чанг босиб қолган.
Бу эса, бевосита ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин камайишига олиб келган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, хавфсизлик қоидаларига мувофиқ станциялардаги энергоқурилмаларни тармоқдан ажратган ҳолда чанглардан тозалаш ишлари олиб борилган.
Олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайган ва бунинг натижасида республиканинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилган.
Иккинчидан, республикада сув ресурслари ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан паст. Яъни 2021 йил сув ҳажми камайгани сабабли гидроэлектр станцияларда йил якунига қадар 5 миллиард кВт/соат ёки режага нисбатан 1 миллмард 500 миллион кВт/соатга кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса, қарйб 23 фоизга камни ташкил этади.
Мазкур 1 миллиард 500 миллион кВт/соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Шунга қарамасдан, мамлакатда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Учинчидан, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанча кўп оширилмасин, агар ушбу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаса, кўрилаётган чоралар ўз самарсини бермаслиги мумкин. Бунинг оқибатида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.
Тўрттинчидан, тизимда олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бу эса, тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатади. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи ичида ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 706 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, шунингдек, газ тармоғига 2535 та ҳолатда ноқонуний уланишлар аниқланган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги ГЭСларда сув танқислиги сабаб электр токи ишлаб чиқариш ҳажми камайгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда Туркия компанияси билан электр энергияси бўича 109 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар берилди.






