«Электрқишлоққурилиш»нинг 58,41 фоиз акциялари сотувга қўйилди
Акция пакетларини сотиш бўйича маслаҳатчи сифатида Grant Thornton компанияси танлаб олинган

Ўзбекистонда «Электрқишлоққурилиш» корхонасининг акциялар пакетини сотиш жараёни бошланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 февралдаги «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «UzAssets investitsiya kompaniyasi» (UzAssets) томонидан «Электрқишлоққурилиш» (ЭҚҚ)нинг устав капиталидаги 58,41 фоиз акциялар пакетларини рақобатга асосланган жараён орқали сотиш режасини эълон қилинган. Мазкур битим доирасида маслаҳатчи сифатида Grant Thornton компанияси танлаб олинган.
Маълумот учун, «Электрқишлоққурилиш» корхонаси дастлаб республика қишлоқ хўжалигини электрлаштиришга ихтисослаштирилган трест — «Узсельэлектрострой» сифатида 1936 йилда ташкил топган. 1-сонли «Узсельэлектрострой» трести 1998 йил 7 июлда «Электрқишлоққурилиш» акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилган.
Қайд этилишича, ЭҚҚ Марказий Осиёда 0,4 киловаттдан 500 киловаттгача кучланишли электр тармоқлари объектларини қуриш бўйича бош пудратчи ҳисобланади ва ушбу соҳада Ўзбекистонда катта бошқарув ва техник кўникмаларга эга. Корхонага тегишли 6 та механизациялашган колонна таркибида 200 дан ортиқ қурилиш техникаси ва механизмлари мавжуд.
Улардан бир вақтнинг ўзида республика бўйлаб ва хорижда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда фойдаланиш мумкин. ЭҚҚ ишлаб чиқариш базаси металл ва темир-бетон конструкцияларга (таянчларга) бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондирадиган заводларга эга.
Шунингдек, ЭҚҚ бизнес тузилмаси қуйидаги компанияларни ўз ичига олади:
- Наманган металл қурилмалари заводи (йилига 4000 тоннагача);
- Қувасой темир-бетон заводи (йилига 38,2 минг куб метргача);
- Тошкент шаҳар ишлаб чиқариш ва технологик асбоб-ускуналар бошқармаси (бетон буюмлар ишлаб чиқариш йилига 7,2 минг м³);
- «TAIZ — Universal Servis» МЧЖ линияли муфталар ва аппаратлар ишлаб чиқариш;
- «Мехколонна-15 Электрқишлоққурилиш АЖ» МЧЖ 6 та механизациялашган колонна.
Таъкидланишича, корхонада бажариладиган ишлар ҳажмини Ўзбекистондан ташқарида (Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон) ошириш учун салоҳият мавжуд. Компания «Лукойл», «Эриелл», «Hundai Engineering» ва «Hengyuan Group Co.,Ltd» каби йирик ишлаб чиқариш компаниялари учун электр монтаж ишларини бажарган.
Аввалроқ «Ўзсаноатқурилишбанк» хусусийлаштирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, «Янгийўл ёғ-мой»нинг 56,32 фоиз давлат улуши сотувга қўйилгани ҳақида хабар берилди.






