Эрдўғон Туркия брендини «Türkiye» деб ўзгартирди
«Made in Turkey» брендидан воз кечилган.

Туркиянинг янги экспорт бренди энди «Türkiye» ҳисобланади. Хорижга экспорт қилинадиган барча маҳсулотларда мамлакат номининг айнан шу варианти — «Made in Türkiye» ёзуви бўлиши керак. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон фармони матни жорий йилнинг 4 декабрь куни ҳукуматнинг расмий газетаси – «Resmi Gazete»да чоп этилган.
«Фармон матнида келтирилишича, мамлакат брендини ўзгартириш тўғрисидаги қарор Туркиянинг бой маданияти ва меросини акс эттирувчи навбатдаги кенг қамровли қадам бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчини сифатли маҳсулотларни ишончли етказиб берувчи сифатидаги виждонини тасдиқлашга қаратилган», дейилади хабарда.
Ҳужжатга кўра, «Türkiye» атамаси турк халқининг маданияти ва қадриятларини тўлиқ акс эттиради. Шу муносабат билан мамлакат брендини қайта номлашга қарор қилинган. Эндиликда «Made in Turkey» бренди ўрнига экспорт маҳсулотлари ягона «Made in Türkiye» бренди остида етказиб берилади.
Шу билан бирга, мамлакатнинг барча расмий ҳужжатларида, жумладан, хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан ҳар қандай ёзишмаларда «Turkey», «Turkei», «Turquie» ва ҳоказо сўзлар ўрнига ягона «Türkiye» атамаси қўлланилади.
Аввалроқ Туркия шаҳарларида «Made in Uzbekistan» кўргазмаси ўтказилиши хабар қилинганди.






