ЕТТБ 2021 йил Ўзбекистонга қанча сармоя киритгани маълум бўлди
Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил Марказий Осиёда банкдан энг кўп маблағ қабул қилган давлат бўлди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистондаги 22 та лойиҳага 690 миллион доллар сармоя киритди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, республикага киритилган маблағлар рекорди янгиланган — аввалги рекорд 2019 йилда ўрнатилган бўлиб, ўшанда банк 575 миллион доллар сармоя киритганди. Ўзбекистон иккинчи йилдирки Марказий Осиёда ЕТТБ инвестицияларининг энг йирик қабул қилувчиси мақомини сақлаб келмоқда.
«Мен пандемия билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, мақсадимизга эришиш учун қатъиятимиз ва шижоатимиздан фахрланаман. Биз тез ўзгариб бораётган Ўзбекистонда яшаётганимиз ва унинг муваффақиятига ҳисса қўшаётганимиздан жуда бахтиёрмиз», — деган ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос.
ЕТТБ фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири паст углеродли ривожланиш ва атмосфера чиқиндиларини камайтириш стратегияларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш бўлган.
Банк Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш элэктр станциясини қуриш учун 21,8 миллион евро ажратган. Шунингдек, Самарқанд Ўзбекистонда биринчи бўлиб ЕТТБ «Яшил шаҳарлар» дастурига киритилган. Лойиҳа доирасида шаҳарда электробуслар пайдо бўлади.
Бундан ташқари, ЕТТБнинг 70 миллион долларлик кредити эвазига Наманган вилоятидаги сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш молиялаштирилган ва бу 170 мингдан ортиқ аҳолини тоза сув билан таъминлаган.
Шу билан бирга, банк Ўзбекистондаги биринчи рақамли банк — TBC Bank’нинг 20 фоиз улушини харид қилиб, молия секторининг рақамли ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган. ЕТТБ яшил ечимларга сармоя киритаётган кичик компанияларни қўллаб-қувватлаш учун иккита банкка кредитлар ажратган. Яшил иқтисодиётни молиялаштириш учун «Ҳамкорбанк»га 10 миллион доллар, «Ўзсаноатқурилишбанк»га 25 миллион доллар ажратилган.
Ушбу дастур доирасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Тилло Домор» ҳам 1,5 миллион евро қабул қилган. шунингдек, пахта саноатига халқаро сармоя киритиш доирасида ЕТТБ пахта тозалаш корхоналарини модернизация қилиш ва қуриш ҳамда қишлоқ хўжалигини кенгайтириш учун Indorama Agro компаниясига 60 миллион доллар ажратган.
Бундан ташқари, банк иккита маҳаллий корхона — Nika Pharm фармацевтика компанияси ва ягона шишатола ишлаб чиқарувчи Ecoclimat’га кенгайтириш ва ривожлантириш учун ҳар бири 5 миллион доллар миқдоридаги кредитлар ажратган.
ЕТТБ, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес билан 49 та лойиҳада иштирок этган. 600 дан ортиқ кичик бизнес субъектига кредитлар ажратилиб, маслаҳатлар берилган.
Банк иштирокидаги лойиҳаларнинг 40 фоиздан ортиғи замонавий рақамли ечимларни илгари суришдан иборат. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳалар улуши 2020 йилдаги 33 фоиздан 45 фоизга ўсиши қайд этилган.
Аввалроқ ЕТТБ ва ЕИ Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар мавжуд ҳудудларни экологик соғломлаштиришга 2 миллион евро ажратиши хабар қилинганди. Шунингдек, Содиқ Сафоев ЕТТБ бошқарув директори Жужанна Харгитай билан учрашгани ҳақида хабар берилди.






