Германиялик 19 ёшли мутахассис Tesla электромобилларидаги жиддий заифликни топди
Коломбо нашрга Twitterдаги шахсий суҳбатининг скриншотларини тақдим этди.

Динкельсбюлда яшовчи киберхавфсизлик бўйича мутахассис Дэвид Коломбо Tesla автомобилларида ҳайдовчилар ҳақидаги маълумотларга кириш, шунингдек, уларнинг геолокациясини кузатиш ҳамда дераза, эшик, фаралар ва аудиони назорат қилиш имкониятини берувчи заифликни аниқлади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
19 ёшли йигит Tesla’ни номи ошкор этилмаган француз компанияси учун аудит қилган. У заифлик ҳақида биринчи марта 10 январь куни Twitter’да маълум қилган. Твитни эълон қилиш вақтида Коломбо аллақачон Европа ва Шимолий Американинг 13 мамлакатидан 25 та машина маълумотларига киришга муваффақ бўлган эди.
«Ҳозир мен 10 та мамлакатдаги 20 дан ортиқ Tesla’ни тўлиқ масофадан бошқаришга эга бўлдим. Эгаларини топиб, уларга камчиликлар ҳақда айтиб беришнинг иложи йўқ», — деб ёзди у.
Коломбонинг сўзларига кўра, твит ёзиш электромобиль эгаларини ҳимоя қилишнинг ягона йўли, чунки мутахассис уларнинг алоқа маълумотларини топа олмаган.
Коломбонинг таъкидлашича, хавфсизликка таҳдид автомобиллар ёки Tesla инфратузилмасидаги заифлик билан боғлиқ эмас. Бунинг сабаби электромобиллар фаолияти ҳақидаги маълумотларни тўплайдиган ва таҳлил қиладиган очиқ кодли дастурий таъминотда. Коломбо махсус дастурий таъминот номини айтмади, чунки ишлаб чиқувчилар хатони ҳали тузатмаган.
Коломбо таҳлилига кўра, Tesla’нинг баъзи машиналари масофавий буйруқларни қабул қила олади. У мусиқани, чироқларни, улардаги овозли сигнални ёқиши, шунингдек, эшикларни, деразаларни очиши ва ҳатто хавфсизлик режимини ўчириб қўйиши ёки двигателни ишга тушириши мумкин. Бундан ташқари, у машиналарнинг аниқ жойлашувини кузатиши мумкин.
Ёш мутахассиснинг таъкидлашича, бундай машиналар «юздан ортиқ» бўлиши мумкин. У Германия, АҚШ ва Ирландиядан келган электромобилларнинг фақат уч нафар эгаси билан боғланишга муваффақ бўлган.
«Tesla хавфсизлик гуруҳи менга ҳозирда улар тергов ўтказаётганини ва янгиланишлар пайдо бўлиши биланоқ мен билан боғланишларини тасдиқлади», — деб ёзган Коломбо 12 январь куни.
Коломбо нашрга Twitterдаги шахсий суҳбатининг скриншотларини тақдим этди, унга кўра Tesla эгаси Коломбога заифликни тасдиқлаш учун масофадан туриб автомобиль сигналини босишга рухсат берган.






