Ходимлар беқарор ҳолатда: Илон Маск билан келишув олдидан уч нафар топ-менежер Twitter’ни тарк этди
Маскнинг провокацион твитлари ва оммавий изоҳлари масалаларни мураккаблаштиради.
Маҳсулотларни бошқариш бўйича вице-президент Илья Браун, хизматлар бўйича вице-президент Катрина Лейн ва маълумотлар бўлими раҳбари Макс Шмайзер Twitter’ни тарк этди. Ҳужжатларга кўра, улар ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.
Таъкидланишича, Илон Мак сотиб олиши кутилаётган компания ходимлари ҳозирда ноаниқ ҳолатда.
Апрель ойи давомида бўлиб ўтган умумий йиғилишларда Twitter менежерларига ходимлардан акция опционлари ва иш хавфсизлиги ҳақида кўплаб саволлар берилган.
Бир неча кун олдин Twitter раҳбари Параг Агравал икки топ-менежерни ишдан бўшатди. Шунингдек, компания янги ходимларни ишга олишни ҳам тўхтатди.
Маскнинг провокацион твитлари ва оммавий изоҳлари масалаларни мураккаблаштиради. У Twitter раҳбариятини танқид қилди ва компания платформадаги ботлар сони ҳақида жамоатчиликни чалғитаётганини айтди.
Миллиардер қўшимча маълумотга эга бўлмагунча келишувни тўхтатиб қўйди. Twitter сотувни якунлаш ниятида. Кетма-кет етти савдо кунида пасайган акциялар 17 май, сешанба куни 2,9 фоизга ошиб, 38,47 долларни ташкил қилди.
Бу ҳали ҳам таклиф нархидан анча паст бўлиб, инвесторнинг келишувга шубҳа билан қарашини кўрсатади.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’ни сотиб олишга камроқ шахсий пул сарфлаш йўлини қидираётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, миллиардер Twitter’ни айрим фойдаланувчилар учун пуллик қилишни таклиф этди.
Шунингдек, Microsoft асосчиси Билл Гейтс Tesla бош директори Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан кейин, айниқса, ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалишидан хавотир кучаяётган бир пайтда платформа қандай ўзгариши номаълумлигини айтди.
Шунингдек, Маск Twitter’ни сотиб олиш ишлари тугаганидан сўнг бир неча ой давомида компанияга вақтинчалик бош директор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.
Илон Маск инвесторлар учун Twitter’ни 2028 йилгача ривожлантириш бўйича тақдимот тайёрлади, унда Маск компаниянинг йиллик даромадини беш бараварга, яъни 26,4 миллиард долларгача оширишга ваъда берди.
Дунёнинг энг бой миллиардери Илон Маскнинг айтишича, Twitter билан тузилган битим «пастга қараб» қайта баҳоланиши мумкин.