Хоразмда ҳоким ўринбосарининг укаси 20,4 млрд сўмлик тендерни ютиб олди
Коррупцияга қарши кураш агентлиги вилоятлардаги тендер қоидабузарликлари ҳақида маълумот берди
АОКАда 24 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан вилоятларда ўтказилган тендер натижаларини ўрганишда аниқланган қоидабузарликлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 миллиард сўмлик Урганч шаҳридаги перинатал марказни реконструкция қилиш объекти ўрганилганда тендер ғолиби Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси экани аниқланган.
Шунингдек, ўрганиш мобайнида Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 миллиард сўмлик қурилиш иши тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилгани, 941,1 миллион сўмлик иш сифатсиз бажарилгани, Андижон вилоятидаги 4 та объектда эса 57,9 миллион сўмлик иш сифатсиз бажарилгани, 1,4 миллиард сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатига қўшиб ёзилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилгани қайд этилди.