Йирик солиқ тўловчилар, Пенсия жамғармаси тақчиллиги ва давлат қарзи — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яқин соатларда 2021 йилнинг 23 ноябрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Оролбўйи учун 4,3 трлн сўм
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қабул қилинган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида махсус резолюция учун 4,3 триллион сўм сарфланади.
Хабарга кўра, мазкур резолюцияни тайёрлашда дунёнинг турли минтақаларидан 60 га яқин давлатлар ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган. Қабул қилинган ҳужжатда БМТнинг Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ва БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш акс эттирилган.
Йирик солиқ тўловчилар
Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши қанча бўлиши прогноз қилинди. Унга кўра, мамлакатда Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати асосий солиқ тўловчи бўлиб қолмоқда ( жами 27,22 фоиз). Бунда НКМКнинг улуши қисқариб (20,1 фоиздан 17,82 фоизга), ОКМКники (6,4 фоиздан 9,4 фоизга) ортган. UzAuto Motors эса 0,73 фоиз тушумни таъминлайди.
Шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бюджет тушумининг 0, 60 фоиз улушини таъминлаши қайд этилган. «Ҳудудгазтаъминот» 1,20 фоиз, «Ўзбекнефтгаз» 1,70 фоиз ҳиссага тўғри келади. Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2022 йилда бошқа даромадлар 32 триллион 633,7 миллиард сўмни ёки давлат бюджетига тушумлар умумий ҳажмининг 16,3 фоизини ташкил этади. Бюджет даромадлари кўп жиҳатдан йирик солиқ тўловчи корхоналар иқтисодий холатига боғлиқ бўлади.
Бюджет харажатларининг таркиби
Ўзбекистонда 2022 йилги давлат бюджети ҳаражатларининг таркиби эълон қилинди. Маълум қилинишича, 2022 йил учун давлат бюджети харажатлари 214,8 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 190,8 триллион сўм ёки Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 26,4 фоиз ҳисобида бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида ривожлантириш тармоқ дастурларини амалга оширишга йўналтириладиган маблағларни ошириш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, 2022 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига 105 триллион 503,2 миллиард сўм ёки давлат бюджети умумий харажатларининг 49,1 фоизи ҳисобида
йўналтириш режалаштирилмоқда.
Давлат қарзи
Ўзбекистоннинг мумий давлат қарзи 2022 йил якунига 33,5 миллиард доллар (ЯИМга нисбатан 45,2 фоиз) миқдорида прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида сўз боради.
Қайд этилишича, умумий давлат қарзи, миқдорининг ўсишига қарамай, макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада қолмоқда. Давлат ташқи қарзи 2022 йил якунлари бўйича 30,4 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан 41 фоиз) ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шундан 23,5 миллиард доллар Ўзбекистон номидан ва 6,9 миллиард доллар Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган.

Шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида давлат қарзи бўйича айрим чекловлар қўйилади. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати номидан ва Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг чегаравий ҳажми ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги зарур.

Таъкидланишича, 2022 йилда Ўзбекистон номидан ва Ўзбекистон кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича янгидан имзоланаётган шартномалар ҳажми 4,5 миллиард доллар ҳисобида прогноз қилинмоқда.
Telegram Президентлар каналларига реклама жойламайди
Telegram мессенжердаги каналларга расмий рекламалар юборишни бошлаши ҳақида хабар берилганди. Мессенжер раҳбари Президент ва сиёсатчилар каналларида ҳомийлик рекламалари пайдо бўлмаслигини маълум қилди.
Фойдаланувчилардан бири Durov’s Chat гуруҳида Павел Дуровга қуйидагича савол йўллади:
«Павел, айтингчи, Президентлар, давлат тузилмалари ва сиёсатчиларнинг каналларида реклама пайдо бўладими? Тест режимида уларнинг каналларида бу турдаги рекламани учратдим».
Шундан сўнг Дуров фойдаланувчига жавоб йўллар экан, бу ҳолат вақтинчали бўлганини таъкидлади.
«Бу вақтинчалик эди, давлат амалдорлари ва давлат ташкилотларининг каналларини реклама платформасидан чиқариб ташладик», — деб ёзди мессенжер раҳбари.
Аввалроқ Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ушбу расмий рекламаларга муносабат билдириб, Президент каналида реклама пайдо бўлгани «ғалати кўрингани»ни қайд этганди.
«Яна нимамиш, ‘Реклама кўришни истамайсанми? Тўла! Реклама сенинг каналингда чиқишини хоҳламайсанми? Тўла!’ Яқинда Ўзбекистон Президенти каналида ёки хуқуқ-тартибот органлари каналида ҳам реклама чиқиши ғалати кўринди», — деб ёзганди Алламжонов.
Шунингдек, Масс-медиа фонди раиси Павел Дуровга каналга зид рекламани қўймаслик имкониятини ҳам яратиш бўйича мурожаат қилганди.
Пенсия жамғармаси тақчиллиги
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига трансфертлар 14 триллион сўмга етиши кутилмоқда.Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида сўз боради. Лойиҳада Пенсия жамғармаси тақчиллигининг кескин ошиб кетганини кўриш мумкин. Солиқ ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағлар Пенсия жамғармаси харажатларини тўлиқ қопламаслиги сабабли давлат бюджетидан алоҳида 14 триллион сўм йўналтирилади.
Маълумот учун, 2020 йил Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига трансфертлар 8 миллиард сўмни ташкил қилганди. 2019 йилги «фуқаролар учун бюджет лойихасида Пенсия жамғармасининг тақчиллигини қоплаш учун 4,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар бюджет параметрларида назарда тутилган.
Даромад ва харажатлар барқарорлигини таъминлаш ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси харажатларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2022 йил учун бюджетда бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига 14 триллион сўм миқдорида трансфертлар кўзда тутилган.
Шунингдек, 2022 йил учун бюджет лойиҳасида иш ҳақи, ижтимоий нафақаларни ва пенсияларни инфляция даражасидан юқори бўлган суръатларда оширишга ҳамда ўқувчилар ва шифокорлар иш ҳақини табақалаштирилган тарзда оширишга маблағлар режалаштирилган.
Марихуана етказаётган Uber Eats
Uber Eats Канаданинг Онтарио штатидаги мижозларга марихуана етказиб беришни бошлайди. Маълум қилинишича, илова фойдаланувчилардан ёшини тасдиқлашни талаб қилади. Мижозлар Tokyo Smoke чакана сотувчисидан Uber Eats’нинг махсус бўлимида маҳсулотни танлаши, сўнг уни яқин атрофдаги дўкондан олиши мумкин бўлади.
Ушбу маҳсулотларни етказиб бериш буюртма тўланганидан кейин бир соат ичида амалга ошиши мумкин. Uber’нинг қайд этишича, компаниянинг Tokyo Smoke билан ҳамкорлиги катта харидорларга хавфсиз ва қонуний наша сотиб олишга ёрдам беради, бу эса ноқонуний савдони камайтиради.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






