Кам даромадли имом-хатиблар, нархи ошган бензин ва ойликка яшаётган ўзбекистонликлар — ҳафталик дайжест
Kommers.uz ҳафтанинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яна бир ҳафта (8–14 ноябрь) ўз якунига етиб бормоқда. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдони қайноқ янгиликларга тўла бўлди. «Kommers.uz» улардан энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Хусусийлаштирилаётган «Ўзсаноатқурилишбанк»
Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни давлат объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Маълум қилинишича, 32 та йирик давлат активини сотиш, «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштириш, давлат корхоналарининг 368 та носоҳавий ва самарасиз активларини савдога чиқариш режалаштирилган. Ҳудудларда 770 та актисв сотишга тайёрланган. Булар орқали бюджетга қарийб 10 триллион сўм тушум таъминланиши кўзда тутилган.
Президент давлат корхоналарига стратегик инвесторларни жалб қилиш, фақат мавжуд қувватларни ишлатиш билан чекланмасдан, корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. «Навоийазот» акциядорлик жамияти негизида учта алоҳида корхона ташкил этган ҳолда, «кимё саноати кластери» фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу кластер инфратузилмасини бошқариш учун тажрибали хусусий оператор жалб қилинади.
Ойликка яшаётган ўзбекистонликлар
Ўзбекистон Марказий банки томонидан аҳолининг турли гуруҳлари истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича навбатдаги сўровлар ўтказилди. Қайд этилишича, 2021 йилнинг III чораги якуни бўйича ўтказилган сўровда респондентларнинг келгуси даромадлари бўйича кутилмалари II чоракдаги 7,3 банддан 8,8 бандгача юқорилаган. Кузатувларга кўра, сўровда иштирок этган даромадлари 7 миллион сўмгача бўлган респондентлар улуши жамига нисбатан 86 фоизни ташкил этмоқда (II чорак якунлари бўйича — 83 фоизга тенг).
Маълум бўлишича, иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш хақи, 15 фоизга яқини эса тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга тўғри келишини таъкидлашган. Хориждан пул ўтказмаларни қайд этган респондентлар улуши эса 3,4 фоизга тенг.
Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида ҳам расмий ойлик иш ҳақи асосий даромад манбаи эканини кўриш мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳри (68,8 фоиз), Бухоро (61 фоиз), Андижон (58,7 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (58,1 фоиз) респондентлари жавобаларида ойлик моашнинг асосий даромад сифатида юқори улушлар қайд этилган.
Кам даромадли масжид имом-хатибларига тўланган маош
Ўзбекистонда фаолият юритаётган молиявий ночор, кам даромадли масжид имом-хатиблари учун фонд томонидан 2018 йилдан узлуксиз ойлик маош тайинланиб, ўтган вақт мобайнида 6 миллиард 976 миллион сўмдан зиёд маблағлар маош сифатида тўлаб берилган.
Пандемия даврида республикамиздаги 2090 дан ортиқ масжидда меҳнат қилаётган имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли, муаззин, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг барчаларига моддий ёрдам учун 65 миллиард 873 миллион сўм хайрия сифатида ажратилган.
«Зарубежнефть» Jizzax Petroleum улушини сотиб оладими?
«Зарубежнефт» Ўзбекистондаги энг йирик нефть компанияси Jizzax Petroleum улушини сотиб олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Маълум қилинишича, Ўзбекистон бозорига кириш шартлари ҳали келишиб олинмаган.
Хабарда ёзилишича, ҳозирда Jizzax Petroleum мамлакатдаги энг йирик нефть компанияси ҳисобланади. У 105 та кон, ишлаб чиқаришнинг қарийб 70 фоизи (тахминан 500 минг тонна нефть) ва веб-сайтда қайд этилганидек, тасдиқланган нефть захираларининг тахминан 22 фоизини (600 миллион баррель, маълумотларига кўра) ўз ичига олади.
«Коммерсантъ» суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, «ЛУКОЙЛ»га ҳам Jizzakh Petroleum таклиф этилган, бироқ ҳамкорлик натижа бермаган. Нашр маълумотларига кўра, Jizzax Petroleum’ни Кипрнинг Belvor Holding Limited компанияси назорат қилади. Кипр реестрига кўра, компания Eriell нефть конлари хизматлари компанияси бошқаруви раиси ва асосий акциядори Бахтиёр Фозиловга тегишли.
Нархи ошган бензин
Ўзбекистонда 2021 йил бошидан буён республика товар-хом ашё биржасининг автомобиль бензини сегментида нархларни ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Маълум қилинишича, 2021 йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 миллион 700,2 минг сўмдан 9 миллион 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2 фоизга ўсган. Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 миллион 5 минг сўмни ташкил қилган. Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1 фоиздан ошмаган. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.
«Фақат 10 дақиқадан 2 соатгача» узилаётган электр
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр энергияси таъминотининг сезиларли даражада яхшилангани юзасидан баёнот берди. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар ҳали ҳам учраб турибди. Бироқ кўп ҳолларда, бу 10 дақиқадан 2 соатгача бўлган қисқа муддатли узилишларни ташкил қилади.
«Бироқ, шуни ҳам эсда тутиш керакки, яқин ўтмишда барчамиз ‘оммавий ўчириш’ ҳолатига дуч келар эдик. Аслида, бу энергия сарфини тежаш учун маълум бир жадвалга мувофиқ амалга оширилган узилишлар эди. Фақатгина 5 йил олдин тугатилган ‘оммавий ўчиришлар’нинг сабаби эса оддий. Йиллар давомида электр энергияси истеъмоли ўсишига қарамай, бир хил энергия баланси шаклланган ва мавжуд балансни тенг тақсимлаш мақсадида деярли ҳар куни 6 ёки ундан кўпроқ соатга электр энергия таъминотида узилишлар рўй берган. Масалан, ўша йилларда Қашқадарё вилоятида ана шундай режали ўчиришлар кунига 18 соатгача етган. Аҳолининг сўзларига кўра, ўша вақтларда эрталаб ва кечқурун фақат 2-3 соат электр энергияси берилган холос», дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистонлик дастурчиларни мақтаган Путин
Ўзбекистонлик 5 нафар ёш қиз «AI Journey 2021» халқаро конференциясида иштирок этди ва унинг доирасида Россия Президенти Владимир Путинга ўз лойиҳасини тақдим этиш имкониятига эга бўлди.
Таъкидланишича, лойиҳа жамоа томонидан икки ҳафта ичида ишлаб чиқилган. Лойиҳа Ўзбекистонда «AI Journey 2021» халқаро конференцияси доирасида Россия Президенти олдида тақдим этилган. 500 дан ортиқ иштирокчилар орасида «IT Queens» жамоаси ғолиб бўлган ва халқаро майдонга чиқиш, шунингдек, шахсан гапириб, муаммога замонавий ечимини тақдим этиш имкониятига эга бўлган. Қизлар «Data Lady» махсус номинацияси ғолиби бўлган.
«Ушбу ишланмалардан одамлар манфаати учун фойдаланиш, шунингдек, қизиқарли, чиройли ва оммабоп маҳсулотлар яратиш мумкин. Энг муҳими эса, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ёрдамида инсонлар ҳуқуқлари бузилганда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлларини топиш мумкин. Бу шундан далолат берадики, агар тўғри, ижобий йўналишда фикр юритилса, технологик тараққиёт билан боғлиқ бўлган барча таҳдидларга қарамай, доимо тўғри ечимни топиш мумкин. Ҳар доим, ҳар қачон шундай бўлган ва Худога шукур, бу сиз каби қизлар шарофати билан бугун содир бўлмоқда», — деган Владимир Путин.
«Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Ўзбекистон Президентининг фармонига асосан Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 12 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлисга киритилди. Маълум қилинишича, 10 та боб ва 58 та моддадан иборат қонун лойиҳасини тайёрлашда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва АҚШ Ғазначилигининг 13 нафар эксперти иштирок этган. Лойиҳа юзасидан 9 та вазирлик ва идоранинг экспертиза хулосалари олинган.
Хабарга кўра, қонун лойиҳасида давлат қарзини бошқаришга доир асосий қоидалар ва давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан энг юқори миқдори белгиланмоқда.
Олиндаги ҳафта омадли келсин. «Kommers.uz» ўқувчилар учун қизиқ бўлган барча янгилик ва таҳлилларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






