Малайзия авиакомпанияси Ўзбекистондаги аэропортларга қизиқиш билдирди
Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари компания делегацияси билан учрашди

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов билан Малайзиянинг Malaysia Airports Holdings Berhad (МАНВ) компанияси раҳбарияти учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда компания асосчиси Моҳд Шукри Осман, ижрочи директори Моҳд Назли Абдул Азиз, директор ўринбосари Зулҳикам Аҳмад, Alpha Indera компаниясининг Ўзбекистондаги доимий вакили Далия Алкатирий ҳамда менежерлари Сабрина Фаузан ҳамда Моҳд Аҳмад Заҳид иштирок этган.
Учрашувда делегация томонидан Ўзбекистондаги Урганч, Фарғона ва айниқса Бухоро халқаро аэропортларига катта қизиқиш билдирилган ҳамда келгусида ушбу аэропортларни давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга олиш таклифи илгари сурилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистон томони мазкур аэропортларнинг ҳозирги ҳолати ва улар жойлашган ҳудудлардаги мавжуд имкониятлар ҳамда мамлакатда жорий этилган «Умра+» дастури бўйича ушбу аэропортларга хорижий давлатлардан мусулмон олами вакилларини кенг жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда режалар ҳақида маълумот берди.
Учрашув сўнгида Туризм ва спорт вазирлигининг юқорида қайд этилган таклифларни рўёбга чиқариш ҳамда аэропортларда амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш ва бунга хорижий авиакомпанияларни жалб этишда амалий ёрдам беришга тайёр экани таъкидланган. Шу билан бирга, томонлар кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олган.
Маълумот учун, Malaysia Airports Holdings Berhad (МАНВ) компаниясига 1991 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирда компания Малайзиядаги 39 та аэропортни давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқаради.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари марказларида Duty Free дўконлари ташкил этилиши ва 6 миллион долларга маданий мерос объектлари рақамли платформаси яратилиши ҳақида хабар бепилганди.






