«Манчестер Сити» тарихда илк бор даромад бўйича «Манчестер Юнайтед»дан ўзиб кетди
«Қизил иблислар» ўтган молиявий йилда 557 млн евро ишлаб топган.

Англиянинг «Манчестер Сити» футбол клуби тарихда илк бор йиллик даромад бўйича Премьер-лиганинг яқин вақтгача энг даромадли жамоаси бўлган «Манчестер Юнайтед»дан ўзиб кетди. Бу ҳақда Financial Times ёзмоқда.
Қайд этилишича, «Манчестер Сити»нинг 2020/21 йилги мавсумдаги операцион даромади 2020 йилгига нисбатан 17 фоизга ошиб, 644 миллион еврога етган. «Манчестер Юнайтед» эса ўтган молиявий йилда 557 миллион евро ишлаб топган.
Маълумот учун, 2016 йилда испаниялик мутахассис Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»га бош мураббий этиб келганидан бери клуб уч марта чемпионликни қўлга киритди. Жамоанинг ўтган йилги молиявий муваффақиятига Англия чемпионатидаги ғалабаси ва UEFA Чемпионлар Лигаси финалига чиқиши сабаб бўлди.
Ўз навбатида, «Манчестер Юнайтед» 2013 йилда Алекс Фергюсон клубни тарк этганидан буён АПЛ чемпиони бўла олмади. Пандемия сабабли бўш турган трибуналар икки жамоанинг даромадига ҳам таъсир қилди. Коронавирусдан «Манчестер Юнайтед»нинг зарари кўпроқ бўлди. Чунки «қизил иблислар»нинг стадионига «Сити»никига қараганда 20 минг кўп томошабин кетади.






