«Матонат» фильми халқаро кинофестивалда мукофотланди — видео
Фильм Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан суратга олинган «Матонат» ҳужжатли фильми Artemis дистрибюторлари ассоциацияси томонидан Словения давлатида бўлиб ўтган кинофестивалда мукофотланди.
Мазкур фильм Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган. Унда II жаҳон урушида қатнашган 101 ўзбекистонликнинг урушда ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамда Голландиянинг Амерсфорт шаҳрида жойлашган концлагерларда ҳалок бўлган ўзбек аскарларининг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильм ижодкорлари: сценарий муаллифи Розиқа Мергенбаева, режиссёр Шуҳрат Маҳмудов, продюсер Фирдавс Абдухолиқов, операторлар Рифкат Ибрагимов, Рустам Магадиев, рассом Бектош Ражабов, композитор Дмитрий Янов-Яновскийлар ҳисобланади.
Шунингдек, Кинематография агентлиги ва Россиянинг «Спутник Восток Продакшн» кинокомпанияси билан ҳамкорликда суратга олинган «Солнце на вкус» («Қуёш таъми») фильми makers & shakers AWARDS 2021 мукофотининг «Локациядан моҳирона фойдаланиш» номинациясида иштирок этади.
makers & shakers AWARDS 2021 мукофотининг ғолиблари 2021 йил 8 декабрь куни Лондонда бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади. Оилавий фэнтэзи жанрида суратга олинган «Солнце на вкус» («Қуёш таъми») фильми Ўзбекистонга сафари чоғида ғаройиб саргузаштлар иштирокчисига айланган москвалик оддий оила ҳақида ҳикоя қилади.
Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов. Эслатиб ўтамиз, фильм «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказилган Россия киноси кунларининг очилиш маросимида тақдим этилган.






