Миллиардер Олег Бойко Google’га қарши судда ғалаба қозонди
Forbes Олег Бойконинг бойлигини 1,3 миллиард долларга баҳолаган.

Finstar ҳолдинги асосчиси, миллиардер Олег Бойко Google’га қарши Москва судида ғолиб чиқди. Маълумотни Forbes’га тадбиркорнинг ўзи тасдиқлади.
Бойконинг айтишича, унинг даъвоси бизнесга зарар етказиш ёки шунчаки шантаж қилиш мақсадида аноним сайтларда қасддан жойлаштирилган нотўғри маълумотлардан фойдаланишга қарши қаратилган.
«Ушбу даъво Google’га қарши эмас, балки бундай суиистеъмолларга қарши қаратилган эди, суд буни қаноатлантирди. Биз Google учун ҳеч қандай жавобгарликни талаб қилмадик», — деди у.
Миллиардернинг адвокати Вадим Прохоровнинг айтишича, Бойконинг Google’га қарши даъвоси «ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва кўпинча ғалати маълумотларни жойлаштирган» аноним сайт билан боғлиқ эди.
«Масалан, бир материалда 1997 йил Осиё бозорларида бошланган инқироз учун шахсан Олег Бойко айбдор бўлган», — дея тушунтирди у.
Адвокатнинг сўзларига кўра, суд Google компаниясига «Олег Бойко» сўрови бўйича қидирув натижаларини кўрсатаётганда ушбу сайтга ҳавола бермасликни буюрган.
Forbes Олег Бойконинг бойлигини 1,3 миллиард долларга баҳолаган. Бойко DFI ва 4finance финтеч компаниялари, Ritzio International ўйини va «Рив Гош» парфюмерия тармоғини бошқарадиган Finstar ҳолдингига эгалик қилади.






