Наманганда қиймати 250 млн долларлик тўқимачилик цехи ташкил этилади
Туркиянинг Akcha холдинг компанияси Наманганда қиймати 250 млн доллар бўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган цехни ташкил этади. Лойиҳа ишга тушиши билан 15-20 минг иш ўрни яратилади

29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркиянинг Akcha холдинг компанияси директорлар кенгаши аъзоси Аҳмет Билге Гўксан билан учрашди.
Учрашувда тўқимачилик саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришни ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Туркия компанияси вакиллари Ўзбекистонда инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, Наманган вилоятида тўқимачилик йўналишида 250 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. АҚШ, Европа, Бразилия, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорларига мўлжалланган ип-калава, момиқ сочиқ, уй текстиль маҳсулотлари, трикотаж, хом мато, бўялган мато ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга асосланган ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, 12-15 мингта янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистон томони лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг барча босқичларида, шунингдек, янги инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.






