Ўзбекистон 2022 йил металлургия соҳаси учун қарийб 500 млн доллар кредит олади
Олтин ишлаб чиқаришни 26 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Ўзбекистон металлургия соҳасига 2022 йил якунига қадар 13 та инвестиция лойиҳаси доирасида 486 миллион долларлик хорижий банк кредитини жалб қилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да сўз боради.
Қайд этилишича, металлургия соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини олтин ва кумуш бўйича мос равишда 26 ва 42 фоизга, мис ва қора металл маҳсулоти бўйича 2 баробарга ошириш мақсадида 486 миллион долларлик хорижий банк кредити жалб қилинади.
Бундан ташқари, «Навоий КМК» АЖда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни ошириш дастури доирасида 1,6 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳалар амалга оширилишига Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, «Навоий КМК» АЖ ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъул ижрочи сифатида қайд этилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эса жараённи назорат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон мис саноатидан қанча даромад олиши маълум бўлганди.






